Россиянинг Биринчи канали “Жди меня” кўрсатувини тайёрлаш учун “ВИD” телекомпанияси билан шартномани узайтирмасликка қарор қилди. Бу ҳақда телеканалдаги манбага иқтибос келтирган ҳолда РБК нашри хабар бермоқда.  

Манба маълумотларига кўра, аввалги шартнома муддати тугаган ва томонлар кўрсатувнинг янги бошловчиси номзоди бўйича келиша олишмаган. Кўрсатувни олиб борган Александр Галибин Биринчи канал билан келишилмаган ҳолда бўшатиб юборилган, янги номзодлар эса телеканални қониқтирмаган.

“Ишлаб чиқарувчи ва телеканал ўртасидаги низо кўрсатув бошловчиси номзоди хусусидаги ижодий келишмовчиликлар билан шартланган”, деб маълум қилди бошқа бир манба.

“ВИD” ва Биринчи канал вакиллари бу ҳолатга изоҳ беришмаган.

“Жди меня” кўрсатуви бир-бирларидан турли сабабларга кўра айрилган инсонларнинг яна топишишларида кўмак кўрсатган. У орқали минглаб одамлар ўз яқинлари, дўстлари, танишларини топишган, уларни яна кўриш бахтига муяссар бўлишган.