Польшанинг Легьоново шаҳрида поездни "олиб қочган" 35 ёшли эркак ушланди. Бу ҳақда маҳаллий полиция хабар тарқатган.

Ҳодиса бугун соат тахминан 04.00 (Тошкент вақти билан 07.00)ларда маҳаллий вокзалда юз берган. Жиноятчи поезд кабинасига бостириб кирган, ҳамда ўлдириш билан таҳдид қилиб, машинистни ҳаракатни бошлаш ва 23 вагондан иборат поездни тўхтатмасликка мажбурлаган. Бекатлардан бирида поезд тўхтатилди, жиноятчи эса ушланди.

У қўлга олингач, шифохонага олиб кетилди ҳамда алкоголь ва гиёҳванд моддаларга текширувдан ўтказилди. Воқеа оқибатида ҳеч ким жабрланмади. Ҳозирги пайтда ҳодиса тафсилотлари ойдинлаштирилмоқда.