Европа чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида биринчи тур ўйинлари якунланди. 12 сентябрь куни A, B, C ва D гуруҳларида асосан кучли жамоалар кучсиз жамоаларни осонлик билан енгиши кузатилган бўлса, кейинги кунда кейинги гуруҳларда бир мунча тенг курашларга гувоҳ бўлинди. 

Иккинчи кунда ҳам биринчи кундаги каби голлар кўп бўлди, 8 учрашувда мухлислар 26та гол гувоҳига айланишди (Биринчи куни шунча учрашувда 28та гол урилганди). Бу голлар биринчи кундагига қараганда чиройлироқ ҳам бўлди.

E гуруҳи
«Ливерпуль» – «Севилья» – 2:2 (Роберто Фирминьо, 21. Салоҳ, 37 – Бен Йеддер, 5. Корреа, 72).
Ноаниқ пенальти: Роберто Фирминьо, 42 (штанга).
«Марибор» – «Спартак» – 1:1 (59, Самедов, 0:1 – 85, Бохар, 1:1).

«Энфилд» қизарди
Инглизлар ва испанлар учрашуви кутилмаган ҳолатда бошланди – Бен Йеддер 5-дақиқадаёқ ҳимоячилар хатосидан унумли фойдаланиб, меҳмонларни олдинга олиб чиқди.

Жавоб голи ҳам тез рўй берди – Роберто Фирмино Оуэн, Литманен, Сиссе, Морьентес ва Балотелли кампаниясига қўшилди –  у «Ливерпуль» сафида Чемпионлар лигасидаги дебют учрашувдаёқ гол урган олтинчи футболчига айланди.

«Ливерпуль» босимни давом эттирди, Салоҳ ҳимоячидан тўпни олиб қўйиб, уни дарвоза тўрига йўналтирди. Аммо Фирминьо ўйин қаҳрамонига айлана олмади, у пенальтидан гол ура олмади. Дарвоза устуни унга халал берди.

Шундан сўнг «Энфилд» қизара бошлади. Меҳмонлар жамоаси бош мураббийи Эдуардо Бериццо спортга хос бўлмаган ҳаракатлари туфайли четлатилди Эдуардо, ўйин охирида эса мезбонлар ҳимоячиси Жо Гомес ҳакам билан тортишгач, майдондан ҳайдалди. «Ливерпуль» ўйин давомида устунлик қилди, дарвозага 22 марта зарба берилди, рақибда эса бу кўрсаткич 3та. Лекин  Муриэль ва Корреанинг зарбалари аниқ бўлиб, ўйинда 2:2 ҳисоби қайд этилди.

Энди кейинги турда, 26 сентябрь куни Клопп шогирдлари Москвада «Спартак» меҳмони бўлишади, «Севилья» «Марибор»ни қабул қилади.

F гуруҳи
«Фейеноорд» – «Манчестер Сити» – 0:4 (Стоунс, 2, 63. Агуэро, 10. Габриэл Жезус, 25).
«Шахтёр» – «Наполи» – 2:1 (Тайсон, 15. Феррейра, 58 – Милик, 72, пенальти).

Стоунз - «Манчестер Сити»нинг боши

Чемпионлар лигасидаги охирги 6 учрашувда «Манчестер Сити» битта ҳам ғалабага эришмаганди (3 дуранг, 3 мағлубият) ва бу учрашувларда жамоа 14 гол ўтказганди. Нидерландия чемпионига қарши учрашув бу нохуш серияга чек қўйиши керак эди ва «Манчестер Сити» ўз мухлисларини хафа қилмади.

0:4 ҳисобидаги мағлубият нидерландлар клуби тарихида еврокубоклардаги энг йирик мағлубият бўлди, Жон Стоунс эса инглизлр жамоасида Чемпионлар лигасининг бир ўйинида икки гол урган илк футболчи бўлди.

«Шахтёр» ғалаба билан бошлади

«Шахтёр» Европадаги энг нуфузли турнирдаги 12-иштирокини ғалаба билан бошлади. «Шахтёр» ҳимояда ишончли, ҳужумда аниқ ҳаракат қилди: икки гол урилди, италянларга ҳужумда эркин ҳаракат қилишга имкон берилмади, меҳмонларнинг ягона жавоб голи пенальтидан урилди.

«Наполи» ЕЧЛда кейинги 7 ўйинидан тўртинчи марта мағлуб бўлди. Эндиликда гуруҳда биринчи турдан кейин «Шахтёр» «Ман Сити» билан бирга етакчи бўлиб турибди.

26 сентябрь. «Наполи» – «Фейеноорд». «Манчестер Сити» – «Шахтёр».


G гуруҳи
«Порту» – «Бешиктош» – 1:3 (Д.Тошич, 21, автогол – Талиска, 13. Женк Тўсун, 28. Бабел, 86).
«Лейпциг» – «Монако» – 1:1 (Форсберг, 33 – Тилеманс, 34).

«Бешиктош»нинг суперголи

«Драгау» стадионида 4та гол урилди, аммо бу голларнинг барчаси турклар жамоаси томонидан урилди. Бу голларга Талиска, Женк Тўсун ва Бабел, шунингдек, ўз дарвозасини ишғол этган Тошич муаллиф бўлди. Португаллар жамоаси «Бешиктош»га қарши ҳеч нарса қила олмади. Бу ўйинда «Реал»нинг собиқ футболчиси Пеле ишончли ҳаракат қилди ва меҳмонлар жамоасига ҳужумда эркин ҳаракат қилишга имкон бермади. Тўсуннинг голи нафақат бу ўйиннинг, балки кечанинг безагига айланди.

Бу ўйин Касильяснинг Чемпионлар лигасида 19 мавсумни бошламоқда. У бу борада Райан Гиггзга тенглашиб олди. Лекин унинг бу старти муваффақиятсиз бўлди.

«Монако» юлдузларсиз ҳам Германиядан очко олиб қайтди

Турнирда дебют қилган Германиянинг «РБ Лейпциг» жамоаси Франция чемпионини қабул қилди. «Монако» трансферлар ойнаси вақтида асосий етакчиларидан айрилган бўлсада, жамоавий ўйин кўрсатди ва натижага эришди. Икки жамоа ҳам биттадан гол урди, мезбонлар сафида Эмил Форсберг ҳисобни очганди, кўп вақт ўтмасдан монегаскликларнинг бельгиялик легионери Юри Тилеманс жавоб голини йўллади.

26 сентябрь. «Монако» – «Порту». «Бешиктош» – «Лейпциг».

H гуруҳи
«Реал» – АПОЭЛ – 3:0 (Криштиану Роналду, 12, 51, пенальти. Серхио Рамос, 61).
«Тоттенҳэм» – «Боруссия» Д – 3:1 (Сон Хюн Мин, 4. Кейн, 15, 60 – Ярмоленко, 11). Четлатиш: Фертонген (Т), 90+2.

Рамоснинг «қайчи услуби»

Испания чемпионлари навбатдаги ғалабани қўлга киритди ва қаторасига учинчи кубокни қўлга киритиш учун одимлади. Кипрликларга қарши ўйинда анча вақтдан буён энди майдонга қайтган Роналду дублни расмийлаштирди, унинг ҳисобида энди Чемпионлар лигасида урилган 107 гол бор.

Ўйинни Рамоснинг «қайчи услуби»да берган зарбасидан кейин рўй берган гол безаб берди. Рамос – энди Испания чемпионати вакиллари орасида энг кўп гол урган ҳимоячи.

«Боруссия» «Уэмбли»да қуролсизлантирилди

«Шпор»лар Кейннинг дубли ва кореялик ҳужумчи Сон Хюн Миннинг голи эвазига ишончли ғалабага эришди. Августни голсиз ўтказган Кейн сентябрда 4 гол уришга эришди. «Боруссия» Дембелесиз ҳужумда ранг баранг ўйин кўрсата олмаяпти, ҳимояда ҳам ишончли ўйнай олмаяпти. Бу ғалабадае кейин «Тоттенҳэм»дан «Уэмбли» тавқи лаънати олинди, дейиш мумкин.

Қайд этиш керакки, дортмундликларнинг ягона жавоб голи жуда чиройли чиқди.

26 сентябрь. «Боруссия» Д – «Реал». АПОЭЛ – «Тоттенҳэм».