12 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3268 сонли қарори қабул қилинди. 

Президент Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари фондига мамлакатнинг барча вилоятларида, айниқса, қишлоқ жойлар ва чекка ҳудудларда банд бўлмаган фуқароларни жамоат ишларига кенг жалб қилиш бўйича бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш вазифасини топширди.

Жамоат ишлари аҳоли пунктларини, маҳаллаларни ободонлаштириш, ариқлар, ирригация тармоқларини тозалаш, уй-жой коммунал хўжалиги объектларини таъмирлаш, инфратузилмани яхшилаш, йўллар ва кўчалар, турар-жой бинолари ва унга туташ ҳудудларни таъмирлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ишларини ўз ичига олади.
 
Банд бўлмаган аҳолини 2017 йилнинг 1 октябридан – Қорақалпоғистоннинг, ҳар бир вилоятнинг ва Тошкент шаҳрининг бир туманида тажриба сифатида жалб этиш кўзда тутилган. 2018 йил 1 январдан бошлаб ушбу амалиётни босқичма-босқич республиканинг барча вилоятлари ва шаҳарларида амалга ошириш бошланади.

2017 йилда Молия вазирлиги томонидан жамоат ишларини ташкил этиш ва ўтказиш учун фондга 84 млрд. сўм, 2018 йилда эса 714 млрд. сўм ажратилади.

Жамоат ишларига жалб этиладиган жисмоний шахслар даромад солиғидан озод этилади.