Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Ин мамлакатда КХДР таҳдиди туфайли ядро қуролини жойлаштиришга қарши чиқди. У бу ҳақда CNN телекомпаниясига берган интервьюсида маълум қилган.

"Мен Жанубий Корея ўз ядро қуролига эга бўлиши ёки КХДР таҳдиди туфайли тактик ядро қуролини жойлаштириши керак, деган фикрларга қўшилмайман", - дея Жанубий Корея президентининг сўзларини келтиради CNN. Унинг фикрича, бу “Шимоли-Шарқий Осиёда ядро қуроли бўйича пойгага олиб келади”.

Телекомпания маълумотларига кўра, давлат раҳбари Жанубий Корея КХДР ҳаракатлари фонида “ўзининг ҳарбий салоҳиятини ривожлантириши” кераклигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, Мун Чжэ Иннинг маълум қилишича, қўшни давлат нотўғри танловни амалга ошираётганлиги туфайли ташвишда.

"КХДР жуда нотўғри қарорларни қабул қилишда давом этмоқда, ҳамда мен буни кузатаётганимдан жуда қайғудаман, - дея Муннинг сўзларини келтиради телекомпания. – Шимолий Кореянинг бундай танлови нафақат КХДР ёки Кореялар ўртасидаги муносабатларга ёрдам бермайди, балки бутун жаҳонга таҳдид уйғотади".