Ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгаши раиси фаол ва иқтидорли ёшларга уй ажратиш тартиб-низоми қайтадан кўриб чиқилишини маълум қилди. Бу ҳақда KUN.UZ мухбири хабар берди.

14 сентябрь куни Тошкентнинг Ёшлар ижод саройида Ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Тадбирда Ёшлар Иттифоқининг етакчилари, вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди. 

Очиқ мулоқот вақтида Қаҳрамон Қуронбоев етакчи ёшлар билан суҳбат қуриб, улар томонидан йўлланган савол ҳамда таклифларга ўз муносабатини билдирди. 

Мурожаатлар орасида "Камолот" уйлари ҳамда Ёшлар Иттифоқининг янги уйларини ажратиш тартибига оид саволлар ҳам йўлланди.

Ёшлар Иттифоқи раисининг маълум қилишича, 2018-2021 йилларда Ёшлар Иттифоқининг 258 та уйларини қуриш режага киритилган. Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида етти қаватли турар-жой иншоотлари барпо этилади. 

"Ҳозирда "Камолот" уйларига 2500 мингдан ортиқ инсон навбатда турибди. Албатта, уйларни ажратиш лойиҳаси якунига етказилади ва ким рўйхатга киритилган бўлса, турар-жойга эга бўлади. Ёшлар Иттифоқининг уйлари эса аввалгидек фақатгина қайсидир ютуғи ва муваффақияти учун эмас, балки чиндан ҳам ЁИ ҳаётида фаол иштирок этаётган аъзоларга ажратилади. Шундай одамлар борки, "Камолот" уйини олган, бироқ "Камолот" ўзи нималигини билмайди. Шу сабабли ҳам ёшларга уй беришнинг тартиб-низомини қайтадан кўриб чиқамиз" - дея қайд этди Қаҳрамон Қуронбоев. 

Шунингдек, Ёшлар Иттифоқи раиси биргина турар-жойлар эмас, балки ёш тадбиркорларга кредит ажратиш тартибини ҳам қайтадан кўриб чиқиш вақти келганини алоҳида қайд этди. 
Шу йилнинг ўзида Ёшлар Иттифоқи ва Миллий банк томонидан ёш тадбиркорларга фоизсиз 15 миллиард сўм кредит берилиши кўзда тутилган.