Монако адлия вазири Филипп Нармино россиялик миллиардер Дмитрий Риболовлёв ва швейцариялик арт-дилер Ив Бувье ўртасидаги суд иши боришига таъсир қилган бўлиши мумкинлиги сабабли истеъфога кетди. Нарминонинг истеъфосини Монако шаҳзодаси  Альбер II қабул қилган, деб хабар бермоқда Le Point нашри.

“Менга нисбатан шахсий айбловлар ва суд идоралари томондан таъналар улар томонда адекват бўлишимга имкон бермайди”, деб айтган Нармино.

Нарминонинг тушунтиришича, у ўз лавозимидан Монако одил судлови манфаатлари йўлида кетган. 

14 сентябрда Le Monde нашрида Нармино ва Риболовлёв дўстона алоқаларда эканлиги ҳақида мақола чоп этилганди. Нашрнинг ёзишича, Риболовлёв 2015 йил бошида Нармино ва унинг рафиқасини Швейцариянинг Гштад қишлоғидаги уйига таклиф қилган.

Жорий йилда эса миллиардер ва унга шахсий коллекцияси учун санъат асарларини етказиб берган арт-дилер ўртасида суд тафтиши бошланганди. Россиялик Бувьени фирибгарликда айблаган. Унинг фикрича, арт-дилер сотаётган суратлари нархини асоссиз равишда ошириб юборган. Бу эса миллиардернинг бир неча юз миллион евро йўқотишига олиб келган. Кейинроқ шундай айбловларни арт-дилерга терговчилар ҳам қўйишган. Бувьега шунингдек пулларни ювиш айби қўйилган.

Риболовлёв айни вақтда Forbes рейтингида 7,3 млрд доллар билан 15-ўринни эгалламоқда. У “Уралкалий” эгаларидан бири ва “Монако” футбол клуби раиси ҳисобланади.