2017 йил охирига келиб “Москва-Сити” ҳудудидаги “Федерация миноралари. Шарқ” биносида Европадаги энг баландда жойлашган томоша майдончаси очилади. Бу ҳақда “Федерация миноралари” компанияси бош директори Михаил Смирнов журналистларга маълум қилди.

“Федерация миноралари” баландлиги 374 метрни ташкил қилади. Томоша майдончаси бино лойиҳасида кўзда тутилганидек бинонинг 89-қаватида жойлашади. Смирновнинг маълум қилишича, томоша майдончаси Panorama 360 деб номланади ва 10 та интерфаол ҳудудни ўз ичига олади.

“Бино 99,7 фоизга қуриб битказилди, барча ишлар деярли якунланган. Биз жорий йилда, яқин 2-3 ойда ишлашни бошламоқчимиз. Мос равишда, томоша майдончаси ҳам очилади”, деб айтган Смирнов.

Томоша майдончаси ҳудудида музқаймоқ ишлаб чиқарувчи фабрика ўз ишини бошлайди.

Томоша майдончасининг бошқарувчи ҳамкори Артур Шакарян томоша майдончаси Гиннесс рекордлар китобига киритилишини тахмин қилган.

“Биз бу масалани Гиннес рекордлар китоби билан муҳокама қилмоқдамиз. Бизнинг томоша майдончаси Европадаги энг баланд томоша майдончаси, музқаймоқ фабрикамиз эса дунёдаги энг баланд жойлашган музқаймоқ фабрикаси сифатида қайд қилинади”, деб айтган Шакарян.

Унинг айтишича, экскурсия дастури Москванинг бунёд этилиши ва ривожланишининг муҳим тарихий онлари ҳақидаги проекциявий шоуни ўз ичига олади. Шунингдек, москваликлар ва меҳмонларни технологик жиҳозланган фото-ҳудудлар, ўта тезюрар лифтлар, мультимедиавий сканерлар ва бой кўнгилочар дастур кутиб қолади. Томоша майдончасида ижодий кўргазмалар, маърузалар, кинотақдимотлар, мультимедиавий спектакллар ва концертлар ўтказилади.