Кишиларнинг энг асосий “қотили” ОИВ, қутуриш ёки безгак вируси эмас, балки гепатит вирусининг турли штаммларидир. Улар ҳар йили 1,3 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлади. Бу ҳақда Lancet журналида эълон қилинган мақолада айтилади.

"Бу хулосалар бизда жаҳл келтириб чиқаради, бироқ биз гепатит ОИВ, безгак ёки силга қараганда кўпроқ инсонларни ҳаётдан олиб кетаётганига ҳайрон бўлмадик. Бу вирус билан кураш ҳеч қачон жаҳоннинг етакчи давлатлари сиёсатининг устувор йўналишига кирмагани ҳамда бундай лойиҳаларни молиялаштириш учун қандайдир глобал тизимлар йўқ экани билан боғлиқ", - дея ўзига хос “ихтирога” изоҳ берди гепатит билан кураш бўйича Бутунжаҳон альянси президенти Чарльз Гор.

Ҳар йили ЖССТ ва БМТнинг бошқа соғлиқни сақлаш хизматлари Lancet журналида қандай касалликлар кўпроқ хатар уйғотаётганига бағишланган ҳисоботларни эълон қилиб боради. Улар БМТ сиёсий идоралари ва алоҳида давлатлар соғлиқни сақлаш хизматлари учун ўзига хос йўриқномадир.

Жорий йилда муаллифлар турли вируслар, бактериал ва паразитик инфекцияларга асосий эътиборни қаратдилар. Олимлар уларнинг сўнгги 40 йилдаги эволюцияси ҳақида аниқ тушунчага эга бўлиш мақсадида жаҳоннинг 147 давлатидан тиббий архивларни йиғишди ҳамда таҳлилдан ўтказишди.

Ўтган йиллар давомида рўй берган ўлим ҳолатларининг тахминан 19,4 фоизига инфекциялар айбдор, ҳамда уларнинг сони аста-секин ошиб бормоқда. Олимлар бу соғлиқни сақлаш стандартлари ёмонлашгани ва ривожланаётган давлатлар аҳолиси сонининг ортиши билан боғлашмоқда.

Ўзига хос рейтингда “етакчилик” вирусли гепатитга тегишли бўлди – сўнгги йилларда у тахминан 1,34 миллион кишини ҳаётдан олиб кетди. Уларнинг ўлимига нафақат касалликнинг ўзи, балки у билан боғлиқ бўлган цирроз ва жигар саратони, шунингдек, бошқа асоратлар сабаб бўлган. Иккинчи ўринга сил жойлаштирилди - 1,2 миллион ўлим, учинчи – ОИВ (тахминан миллион кишининг умрига зомин бўлган), тўртинчиси эса – безгак (719 минг қурбон).

Тиббиёт ходимларининг таъкидлашича, бундай рақамлар жуда консерватив баҳолаш натижасидир, сабаби фақатгина 25 давлат ўз аҳолиси ўлимига нима сабаб бўлаётганига оид аниқ статистикани тақдим этади. Демак, ОИВ, гепатит ва бошқа касалликлардан вафот этганларнинг ҳақиқий сони янада кўпроқ бўлиши мумкин.

Гепатит шуниси билан хавфлики, сўнгги йилларда у туфайли рўй берган ўлим ҳолатлари ОИВ, сил ва безгак билан таққослаганда камаймади, балки 22 фоизга ўсди.

Бунга сабаблардан бири – кишилар вирус билан касалланганликларини билишмайди ҳам. Тадқиқотчиларнинг баҳолашича, ривожланган ва ривожланаётган давлатларнинг фақат 5 фоиз аҳолиси ўз ташхисини билади ва тиббиёт муассасаларида даволанади.