Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Улгуржи савдони амалга ошириш бўйича фаолиятни лицензиялаштириш тўғрисидаги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қарори лойиҳаси муҳокамага ташланди. Бу ҳақда Facebook'даги "Адлия билан мулоқот" гуруҳида хабар берилди. 

Улгуржи савдо билан шуғулланувчи корхоналарнинг Низом жамғармаси миқдорига талабларни 3500 энг кам иш ҳақидан 1000 минимал иш ҳақи миқдорига тушириш, Низом жамғармасининг пул маблағлари ҳисобига шакллантириш қисми учун талаб 1200 минимал иш ҳақидан 100 ЭКИҲгача камайтириш таклиф этилмоқда.

Юқорида қайд этилган, Низом жамғармасининг миқдори ва таркибига оид алоҳида талабларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи корхоналарга нисбатан жорий этмаслик таклиф қилинмоқда. Уларга нисбатан юридик шахсларнинг низом жамғармасига нисбатан ўрнатилган умумий талаблар ўрнатилади. Масалан, «Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар ҳақида»ги Қонуннинг 14-моддасига кўра, МЧЖлар Низом жамғармаси 40 ЭКИҲдан кам бўлмаслиги белгилаб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, илгарироқ лицензиялаштиришнинг бундай турини бекор қилиш ҳам таклиф этилаётган эди.

Шунингдек, лицензия олишда юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси тақдим этилиши ҳақидаги талаб ҳам бекор қилинади.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши ҳам мумкин.