Тошкентда Ўзбекистон ва Қозоғистон ишбилармон доираларининг бизнес-форуми ҳамда Қозоғистон Миллий маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилади

Тадбир Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида бўлиб ўтади.

16 сентябрь куни пойтахтдаги «Ўзэкспомарказ»да Қозоғистон Миллий маҳсулотлари кўргазмаси ва икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказилади. Унда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг 500 дан ортиқ ишбилармонлари қатнашиши режалаштирилган. 

Тадбирда Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалиги, савдо-сотиқ, нефть-газ, фармацевтика, машинасозлик, кимё, қурилиш, озиқ-овқат, енгил саноат соҳалари ва хизмат кўрсатиш тармоқларида фаолият кўрсатаётган қарийб 120 етакчи компаниясининг 200 га яқин вакили иштирок этиши кутилмоқда. 

Анжуман доирасида B2B форматида икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтади. Унда Қозоғистон делегацияси вакиллари Ўзбекистон давлат ва хусусий сектор масъуллари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича музокаралар ўтказади. 

15-17 сентябрь кунлари «Ўзэкспомарказ»да ўтказиладиган Қозоғистон Миллий маҳсулотлари кўргазмасида қўшни мамлакатнинг автомобиль, металлургия, фармацевтика сингари кўплаб саноат тармоқлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилади. 

Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида тузилган қарийб 230, Қозоғистонда Ўзбекистон ишбилармонлари билан ҳамкорликда ташкил этилган 130 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. 

2017 йилнинг биринчи ярмида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11 фоизга ўсди – 953 млн долларгача.