Туркия ҳарбийлари эндиликда ғарб давлатларидаги каби Шопен марши билан дафн этилмайди. Энди унинг ўрнига усмонийлар вақтидаги такбирдан иборат диний марш – Segah Tekbir айтилади. Бу ҳақда Azon.uz хабар тарқатди.

Қайд этилишича, ушбу ғоя норасмий равишда амалиётда қўллаб кўрилган. Шундай қилиб, турк махсус хизмати аскарлари ҳалок бўлган шеригининг жасадини тобутда кўтариб, фахрий қоровул ижросидаги Шопен марши билан қабристонга бордилар. Жасадни эса такбир остида кўмдилар.

Ушбу воқеа юз берганидан кейин Туркиянинг дин ишларини бошқариш ташкилоти раҳбари Меҳмет Гермез чиқиш қилиб, мусулмонларга бегона бўлган одатни исломда мавжуд бўлган одатга алмаштиришни таклиф қилди.

Бу борада расмий баёнот берар экан, Туркия ички ишлар вазири Сулайман Сойлу шундай деди:

"Ҳалок бўлган дўстларимиз, уларнинг оиласи ва халқимиз олдидаги бизнинг қарзимиз абадийдир. Ҳар қандай маросимнинг миллий ва маънавий қадриятларимизга ҳамда чуқур илдиз отган тарихимизга мос бўлиши муҳим масала. Бизнинг ҳалок бўлган дўстларимиз учун хориж марши тўғри келмайди".