Юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар икки йилда бир марта малакасини ошириб, «Avtotest Report» сертификатини олиши мажбурлиги тўғрисидаги қарор ва бунга аҳолининг муносабати Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида ўртага ташланди. 

Ижтимоий тармоқларда ҳам айнан шу қарор қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Нима учун юридик шахслар айнан «Аvtotest» мактабида малака ошириши керак? Улар малака ошириш курсларини ўзи истаган муассасада ўташи мумкинми? 

Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов мазкур масалага қуйидагича фикр билдирди: 

«Нима учун фақатгина бир ташкилотда малака ошириш тавсия этилгани, қизиқ масала. Монополияни ёдга солади. Шу сабабли, бу масалани тегишли идора вакиллари билан ўрганиш керак, деб ҳисоблайман. Имконияти бўлса, биз Экспертлар кенгашининг мажлисида тадбиркорлар, хорижлик экспертлар билан биргаликда муҳокама қилиб, ҳукуматга ўз таклифимизни тақдим этамиз».

Маълумот ўрнида: 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб юридик шахсларга тегишли автотранпорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар икки йилда бир марта малака оширишга мажбурлиги белгиланди. Шунингдек, ҳайдовчиларга малака оширгани тўғрисида «Avtotest Report» МЧЖ ўқув комплексининг сертификати топширилиши назарда тутилган. Қарордан келиб чиқиб, 2018 йил 1 июлдан бошлаб юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини сертификатсиз бошқарган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий жавобгарлик жорий этилади.