14 сентябрь куни Тошкентнинг Radisson Blu меҳмонхонасида Rieter компанияси билан ҳамкорликда "Модалар толадан бошланади" номли симпозиум ташкил этилди. Симпозиумда хорижлик меҳмонлар, енгил саноат соҳасининг вакиллари, текстил корхоналари ва талабалар иштирок этишди. 

Rieter дунёдаги энг етакчи текстил асбоб-ускуналари ишлаб чиқарувчи компания бўлиб, 1975 йилда ташкил топган. Компания энг юқори стандартларга тўлақонли жавоб беради, ишлаб чиқариш қуввати эса ISO-9001 стандарти бўйича сертификатлаштирилган. 

Rieter'нинг Ўзбекистондаги фаолияти ўзгача аҳамиятга эга. Сўнгги 5 йил ичида тола ишлаб чиқарувчи 30 корхона Rieter маҳсулотини сотиб олди. 20дан ортиқ лойиҳалар эса компания ускуналарини сотиб олиш мақсадида давлат дастурига киритилган. 

Симпозиум давомида тола ишлаб чиқариш бўйича эришилган ютуқ ва технологик амалиётлар намойиш этилди. Шунингдек, 2011 йилда ташкил қилинган "Rieter Uzbekistan" корхонасининг фаолияти ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Корхонада лентали, кардли ва ип йигирувчи ускуналар ишлаб чиқарилади. Тренинг марказида эса мижозларга керакли маслаҳатлар, кўникмалар бериб борилади.  

Бугунги кунда Ўзбекистондаги Rieter корхонаси  1 миллиард доллар қийматидаги ип маҳсулотларини Туркия, Россия ва Европа давлатларига экспорт қилмоқда. 

Алишер Қаҳҳоров, Art-Textile компанияси директори: 

"Бугунги тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад Швейцариянинг Rieter компанияси ҳамда Ўзбекистон енгил саноат корхоналари вакиллари ўртасида учрашув ўтказиб, соҳада юз бераётган энг сўнгги янгиликлардан бохабар қилиш, янги, замонавий техник ускуналар билан таништиришдан иборат. Республикамизнинг 12 вилоятидан 125дан ортиқ ишлаб чиқарувлар мазкур тадбирда иштирок этишмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг 600-700 минг тонна пахта толаси  Швейцариянинг Rieter ускуналарида ишлаб чиқарилади. Шу сабабли, мазкур компания билан ҳамкорлик қилиш муҳим аҳамият касб этади".

Маълум бўлишича, яқин кунларда замонавий туксиз ип (компакт текстил) ишлаб чиқарадиган янги технологияни Ўзбекистонда жорий қилиш режалаштирилган.