Давлат рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган хатловлар Ангрен шаҳри ҳудудида аввал хусусийлаштирилган ҳамда бугунги кунда бўш турган 65 та объектлар мавжудлигини кўрсатмоқда, дея хабар берди KUN.UZ’га қўмита ахборот хизмати

Мазкур объектларнинг жами қурилиш майдони 110,1 минг кв.м.ни, эгаллаган ер майдонлари 130,1 гектарни ташкил этади. Ушбу объектлар қаторига собиқ “Ангрен нон маҳсулотлари заводи”, собиқ “Кулол” АЖ, собиқ “Саноат қалин қоғоз савдо” АЖ, “Ангренэнергоцветмет”, “Ностандарт ускуналар заводи”  каби йирик ишлаб чиқариш мажмуалари  киритилган.

(собиқ «Кулол» АЖ)
(собиқ «Кулол» АЖ)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 февралда қабул қилинган ПҚ-2796-сонли қарорига мувофиқ, жойларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари бошчилигида Идоралараро комиссиялар тузилган.

Ушбу комиссияларга аввал хусусийлаштирилган корхона ва объектларнинг қайтадан тўла қувватда ва самарали ишлашини таъминлаш вазифаси юклатилиб, тадбиркорларнинг инвестиция лойиҳаларини амалга оширишида амалий ёрдам бериш бўйича кўплаб ваколатлар берилган.

Давлат рақобат қўмитасининг маълум қилишича, ҳозирда Ангрен шаҳридаги бўш объектлардан 40 таси негизида мулкдорлар томонидан янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш таклифи берилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 февралдаги ПҚ-2796-сонли қарорига мувофиқ, қурилиши тугалланмаган объектлар ва бўш турган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланишни таъминламаган мулкдорларга нисбатан солиқ идоралари томонидан таъсирчан солиқ механизмларини қўллаш белгиланган.

Шунингдек, Президентимизнинг жорий йил 18 апрелдаги фармонига асосан, Давлат рақобат қўмитасига давлат органлари ва бошқа идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ваколати берилган бўлиб, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истагида бўлган аввал хусусийлаштирилган объектларнинг мулкдорлари дуч келган тўсиқ ёки муаммолар юзасидан (8-371) 259-20-23, 259-20-53, 259-21-14 телефон рақамларига мурожаат қилиши мумкин.