2016 йилда дунёда очарчиликдан азият чекувчилар сони 815 млн кишини ёки сайёрамиз аҳолисининг 11 фоизини ташкил қилди. Бу 2015 йилдаги кўрсаткичдан 38 млн кишига кўпроқ бўлган. Бу ҳақда БМТ таркибига кирувчи учта ташкилот – ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурига иқтибос келтирган ҳолда DW нашри хабар бермоқда. 

Таъкидланишича, 2016 йилда очликдан азият чекувчилар сони охирги 10 йил ичида илк марта ошган. 2005 йилда бундай одамлар миқдори 926 млн кишини ташкил қилганди, бироқ кейинги йилларда бу рақам мунтазам камайиб борган. 

Очликдан азият чекувчи одамлар энг кўп Осиёда яшайди ва уларнинг сони 520 млн кишини ташкил қилади. Бироқ Африкада бундай одамлар улуши энг кўпни, яъни аҳолининг 20 фоизини ёки 243 млн кишини ташкил қилади. Шарқий Африкада очликдан азият чекувчилар улуши 34 фоиздан иборат.

БМТнинг фикрича, дунёда очарчилик муаммосининг кескин авж олиши ҳарбий можаролар ва иқлим ўзгаришлари билан боғланган.