Ғиждувонлик Шаҳриёр Шоҳназаровлар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) оиласида содир бўлган фожиани эшитган маҳалладошлар ёқа ушлаб, тарбиянинг аввали отадан-да, дейишди истеҳзо билан, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

2016 йилнинг 24 июль куни. Зайниддин хотини Феруза билан деҳқонлардан кўтарасига олган мева-сабзавотларни бозорда ўтириб сотиб яхшигина даромад топди. Қайтишда савдо дўконига озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш учун кирган Зайниддин бир шиша ароқ ҳам олди. Уйига келса, отасининг ҳам томоғи тақиллаб турган экан. Тушлик дастурхонида ота-ўғил отамлашиб олишди. Шаҳриёр Шоҳназаров нафсини қондиришга қондирди-ю, муқаддам икки марта судланиб келган ўғли Зайниддинга панд-насиҳат қилмади. Ичкилик ичишни камайтир, дейишни хаёлига ҳам келтирмади.

Соат 12:30ларда бозорга юмуш билан маст ҳолда чиқиб кетган Зайниддин кечки пайт кириб келди. Орадан ярим соатлар ўтиб, катта ўғил Фатхиддин ҳам ширакайф ҳолатда келди. Ҳовлидаги қандайдир бесаранжомликдан жаҳли чиққан ака баланд овозда укасининг хотинини сўка бошлади. Спиртли ичимлик таъсирида акасининг хотинига нисбатан айтилаётган ҳақоратли сўзларини эшитган ука асабийлаша бошлади. Зайниддинни ҳам аслида миясини карахт, ақлини ўтмас қилиб қўйган ароқ бошқараётган эди.

-  Сал у ёқ-буёғингизга қараб гапиринг, ака!

-  Қачондан буён ақлли бўлиб қолдинг, кет бу ердан?!

-  Нима?! Ҳозир кўрсатиб қўяман!!

Ака-укаликни унутган Зайниддин ва Фатхиддинни ҳеч ким ажратмади. Юз-кўзи, кўкраги, қорни аралаш тушаётган мушт ва тепкиларга жавоб беролмаётган ака ароқ ичишга муккасидан кетгани боис, ўзини ҳимоя қилишга ожиз эди. Ўз навбатида укадаги шафқатсизлик ҳам спиртли ичимлик таъсирида янада зўрайиб борарди. Ниҳоят, типирчилаб тинчиб қолган ака устидан ғолиб бўлган ука бироз мағрур турди. Қимирламай ётган акасига бироз ўтиб жигарлик меҳри алангаланди ва ёрдам кўрсатиш учун эгилди. Бироқ, Фатхиддин аллақачон ҳаёт билан видолашган эди.

Ўзга уйда чой ичиб ўтирган Зайнаб опанинг қўлидаги пиёла қалқиб тушди. Шу пайт кириб келган келин титраганча ака-укалар жанжаллашаётгани, уларни ажрата олмаганини айтди. Ўғилларини тўғри тарбиялай олмаган онанинг фарёди чексиз самони ларзага солди. Ота қаерда хато қилганини яхши англаб турарди. Бироқ энди жуда кеч... Тоғдек ўғлини тупроққа топширди.

Кичик ўғил эса акасининг қотили сифатида суд ҳукми билан 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.