15 сентябрь тунги соат 01.00ларда Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида йирик йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бунёдкор кўчасида, “Оқ тулпор” ресторани қаршисида 21 ёшли тошкентлик қиз “Ласетти” машинасида йўл четидан кетаётган 4 пиёдани уриб юборган. Жабрланувчилардан бири – 25 ёшли йигит воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган. Унинг қолган 3 ўртоғи 16-шаҳар касалхонасига етказилган. Қиз пиёдаларни босиб кетгандан кейин ёнида кетаётган “Нексия” машинаси билан тўқнашган. Иккала машина ҳайдовчилари ва йўловчиларига ҳеч нарса қилмаган.

Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХБ матбуот хизматида маълум қилинишича, қиз ўз танишининг машинасини ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ҳолда бошқарган. Машина эгаси эса бу вақтда унинг ёнидаги ўриндиқда бўлган. ЙТҲ содир бўлган вақтда қиз ҳушёр ҳолда бўлган. 

Айни вақтда ушбу ҳолат юзасидан дастлабки тергов ишлари бошлаб юборилган.