Эквадор президенти Ленин Морено унинг ишчи хонасида яширин видеокамера ўрнатилгани ва у 8 йил давомида ишлаб келганидан хабар топгач, ғазаб отига минди. У бу ҳақда твиттерда маълум қилди

“Мен бундан карахт ҳолдаман ва ғазабдаман. Менинг хонамда масофадан бошқарилувчи яширин камера ўрнатилган бўлган. Бу шахсий ҳаётга қарши жиноят”, деб ёзган Морено.

Унинг айтишича, камера ундан аввалги президент Рафаэл Корреа томондан ўрнатилган бўлган. Корреа бу лавозимни 2007 йилдан 2017 йилгача эгаллаб келган.

Моренонинг таъкидлашича, Корреа камерадаги тасвирни ўз телефонига олган бўлиши мумкин. Прокуратурага ушбу ҳолат юзасидан тергов бошлаш топширилган.  

Морено президент лавозимини бажаришга 2017 йил 24 майда киришган. 1998 йилда ўғрилар ҳужуми оқибатида олган жароҳати сабабли унинг танасининг пастки қисми ишламайди. У ногиронлар аравачасида ҳаракатланади. Морено 2013 йилдан бери БМТ бош котибининг ногиронлик масалалари бўйича махсус элчиси лавозимини эгаллаб келади. Имконияти чекланган одамларга ёрдам беришдаги фаолияти учун 2012 йилги Нобель мукофотига номзоди қўйилганди.