Хитойда iPhone X’ни блокдан чиқаришдан ҳимояловчи ниқоб яратилди, деб хабар бермоқда The Verge интернет-портали.

Ниқобни сотувчилар уни телефон эгаси ухлаётганда ўғрилар унга билдирмасдан телефонни блокдан чиқара олмасликлари учун ҳордиқ вақтида тақишни таклиф қилишмоқда.

Apple компанияси iPhone X учун янги идентификация тизимини ишлаб чиқди. Унда смартфонни блокдан чиқариш юзни таниш технологияси Face ID ёрдамида амалга оширилади.

Face ID смартфон эгаси юзига 30 мингдан кўпроқ кўринмайдиган нуқталарни проекциялайди. Шундан кейин смартфон эгасининг инфрақизил спектрдаги тасвири ва нуқтали структурали харитаси юзнинг математик моделини яратиш учун нейрон тармоқлар орқали ўтказилади. Сўнгра маълумотлар Secure Enclave модулига юборилади ва бу ерда юзнинг мос келиши текширилади.

Apple компанияси тақдимоти вақтида янги смартфон ўз эгаси Крейг Федеринини танимаган ва у бу функцияни намойиш қилиш учун бошқа қурилмани олишига тўғри келганди.