Ўзбекистон кўплаб синовларни енгишига тўғри келади, бироқ ислоҳотлар самаралироқ иқтисодий тизимга ўтишга имкон беради, деб айтди Халқаро валюта жамғармасининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё давлатлари департаменти директори Жиҳад Азур.

Азур Ўзбекистонга 14-16 сентябрь кунлари ташриф буюрди. У ташрифи давомида расмий идоралар ва манфаатдор томонлар билан учрашувлар ўтказган.

Томонлар минтақавий ва жаҳон иқтисодиётида яқинда бўлиб ўтган воқеалар ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни муҳокама қилишган.

“Мен иқтисодиётни ислоҳ қилиш бўйича кўрилаётган чоралар билан расмий идораларни табрикладим ва бу йўлда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишда содиқлигимизни тасдиқладим. Биз Ўзбекистондаги иқтисодий вазият, жумладан кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, биринчи навбатда, яқинда амалга оширилган айирбошлаш курсларини бир хиллаштириш ва валюта бозорини эркинлаштириш ҳақида фикрлар алмашдик”, деб айтган Азур.

“Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида кўпгина чақириқларни енгишига тўғри келиши мумкин, бу ислоҳотлар давлатга самаралироқ ва охир-оқибатда, кўпроқ гуллаётган иқтисодий тизимга ўтишга имкон беради. Мен шунингдек ҳукуматнинг минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий савдони кенгайтиришга қаратилган сайъ-ҳаракатларини қутлайман”, деб қўшимча қилган ХВЖ вакили.