Кореянинг Hyundai’га тегишли бўлган Genesis компанияси ўзининг янги седанини расман тақдим этди. У G70 номини олди. Марка дизайн маркази жойлашган Намьянг шаҳрида кўрсатилган модель BMW 3 серия, Mercedes-Benz C-синф ва Audi A4 билан харидорлар учун кураш олиб бориши мумкин.

Янгилик Kia Stinger асосидаги платформада қурилган. Олдинда «МакФерсон» тиргаклари, орқада эса – кўпричаклар жойлашган. Орқа узатмали шассининг 55 фоизи юқори чидамли пўлатга эга.

Фото: Motor.ru

Genesis G70 мотор гаммаси уч двигателдан иборат: икки бензинли ва битта дизелли. Топ нусха 3,3 литрли V6 турбомоторни олади, у 370 от кучига эга. «Стингер»да бу двигатель саккиз диапазонли автоматлаштирилган узатмалар қутиси билан уйғунлашади.

3.3 моторли G70 соатига юз километрга 4,7 сонияда чиқади, седаннинг максимал тезлиги эса соатига 270 километрни ташкил этади.

Фото: Motor.ru

Тўрт эшикли автомобиль 2.0 бензинли ва 2.2 дизелли турбомотор билан ҳам тақдим этилади, улар мос равишда 252 ҳамда 202 от кучига эгадир.

Genesis G70 орқа ва тўла узатма билан таклиф этилади. Унинг электрон ёрдамчилари ва хавфсизлик тизимлари рўйхатига тўқнашувлардан қочиш функцияси, “заиф” зоналарни кузатиш тизими, ҳайдовчи ҳолатини кузатиш функцияси, мослашган круиз-назорат киради.

Фото: Motor.ru

G70’нинг ўлчамлари тақдим этилмаган. Motor1 нашрининг иддао этишича, модель узунлиги 4683 миллиметрга, унинг ғилдирак базаси 2834 миллиметрга тенг. 

Седан ички қисмини безашда алюминий, металл ва теридан фойдаланилган. Салон учун етти вариантдаги ранг тайёрланди, улардан фақатгина иккитаси 3.3 моторли автомобиллар учун мўлжалланган. 

Фото: Motor.ru

Жанубий Кореяда Genesis G70 савдолари 20 сентябрда бошланади.