Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ўрнида “замонавий ҳамда юқори технологияли маданият ва истироҳат боғи” қурилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 4 сентябрь кунги қарорида айтилади.

Лойиҳа қиймати 60 млн. доллар бўлиб, унинг инвесторига Stargate Systems МЧЖ айланади.

Майдони кўл билан бирга 20,79 гектарни ташкил қилувчи боғ, аҳоли, биринчи навбатда, ёшларнинг “юқори сифатли, жаҳон стандартлари даражасидаги маданий-маърифий хизматларга” бўлган эҳтиёжини қондириши лозим, дея таъкидланади қарорда. 

Лойиҳа концепциясига кўра, реконструкция қилинган ва замонавийлаштирилган янги боғ ҳар куни 10 минг нафар ташриф буюрувчига хизмат кўрсата олади.

Маълумотларга кўра, душанба кунидан Миллий боғ ёпилади. 1 октябрга қадар боғ ҳудудидаги бинолар бузилади, аттракционлар олиб ташланади. 1 ноябрда эса боғнинг шу ҳудуди узоқ муддатли ижара учун инвесторга берилади. Ижара муддати лойиҳа якунлангандан кейин 49 йилга тенг бўлади. Янги боғ 2021 йилнинг 1 январь кунигача фойдаланишга топширилиши керак.

Янги боғда амфитеатр, рангли фаввора, аттракционлар ва ҳордиқ чиқариш учун бошқа кўнгилочар объектлар қурилади.

Боғда иккита “Америка тепаликлари” аттракциони, иккита болалар автодроми, интерактив поезд, лабиринт, сёрфинг билан шуғулланиш учун сунъий тўлқинли сув иншооти, тўртта қўлга ўргатилган дельфин иштирокидаги шоу-дастур учун дельфинарий очилиши кутилмоқда.

Хориждан олиб кирилувчи қурилиш материаллари, ускуналар, техника, аттракционлар, аудио ва видеоқурилмалар, дельфинлар, қушлар, балиқлар ва ўсимликлар божхона тўловларидан озод этилган.