2017 йил 5 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Тўрақўрғон туманида Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида”ги 698-сон қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
 
Қарор билан:

•  Исҳоқхон Ибрат мажмуаси таркибидаги Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактабни ҳамда Исҳоқхон Ибрат музейини Наманган давлат университети тизимига ўтказиш;
•  мактаб-интернат ҳузурида Наманган давлат университети томонидан 7 та хорижий тилни ўргатишга ихтисослашган марказ ташкил этиш тўғрисидаги таклифлар маъқулланди.
 
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 апрелдаги 208-сон қарори билан Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида атоқли маърифатпарвар Исҳоқхон Ибрат номидаги боғ, унинг музейи ва хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактабдан иборат «Исҳоқхон Ибрат мажмуаси»ни ташкил этиш ҳақидаги таклиф маъқулланган эди. 
 
Белгиланишича, 2017-2018 ўқув йилида мактаб-интернатнинг 7-10 синфларига, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб 7- ва 10- синфига 20 нафардан ўқувчилар Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган чет тили ва она тили фанларидан тест синовлари асосида қабул қилинади.
 
Марказда эса машғулотлар 7 та тил бўйича ўқувчи-талабалар сони 10 нафардан ошмайдиган гуруҳларда ташкил этилади.
 
Шунингдек ҳужжатда назарда тутилишича, мактаб-интернат, марказ ўқитувчилари ва музей ходимларининг ойлик иш ҳақларига 25 фоиз миқдорида қўшимча устамалар белгиланади.
 
Ҳужжат 2017 йил 11 сентябрда кучга кирди.