Россияда ишлаб чиқарилган Су-30 ёки Су-27 қирувчи самолёти АҚШнинг Невада штатида жойлашган Эдвардс авиабазасининг “51-ҳудуд” деб номланган бўлинмаси яқинида фалокатга учради.

Aviation Week маълумотларига кўра, воқеа юз берган жойдан 160 км узоқликда Неллис авиабазаси ҳам жойлашган. 

Фалокат оқибатида Red Hаt ҳарбий базасидан машғулот парвозини амалга оширган самолёт учувчиси, подполковник Эрик Шульц ҳалок бўлган. Унинг ўлими АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари томондан расман тасдиқланган.

ОАВнинг маълум қилишича, ҳалок бўлган учувчи хорижий техникани синовдан ўтказувчи “Агрессор” эскадрильясига бошчилик қилган. Бошқа маълумотларга кўра, эскадрилья бўлинмалари машғулотлар вақтида душман ролини ижро этадилар ва одатда, тахминий рақиб авиацияси рангига бўялган ва таниш белгиларига эга бўлган, АҚШда ишлаб чиқарилган самолётлардан фойдаланишади.

Авиафалокат сабаблари ҳали ўрнатилмаган.

Су-30 самолётлари Ҳиндистон, Индонезия, Хитой ва Қозоғистонга етказиб берилади. Айни вақтда АҚШ улардан қайси биридан самолётни сотиб олгани номаълум. Бироқ АҚШ 1996 йилда Беларусдан Су-27 самолётини харид қилган.

Бундан ташқари, Red Hats махфий бўлинмаси таркибида Россияда ишлаб чиқарилган турли жанговар самолётлар, мисол учун, МиГ-29 ва Су-27П бор.