АҚШнинг БМТни ислоҳ қилиш бўйича таклифларини 120 давлат қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда 15 сентябрда АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейли Оқ уйда журналистлар учун ташкил этилган махсус брифингда маълум қилди. Брифинг АҚШ президенти Дональд Трампнинг БМТ Бош ассамблеясидаги ишига бағишланганди.

Хейлининг айтишича, “120 та давлат бу ҳайратланарли рақамдир”. Унинг таъкидлашича, бу давлатлар “Трамп маъмурияти билдирган таклифларни қўллаб-қувватлаганлар” ва бу таклифларни муҳокама қилиш учун Оқ уй томондан ташаббус билдирилган бир кунлик саммитда иштирок этишади. Бу саммит БМТнинг бош қароргоҳида 18 сентябрда ўтади.

Хейли саммитда муҳокама қилинадиган иккита мавзу ҳақида қисқача тўхталиб ўтди, булар: БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашини қайта ташкиллаштириш зарурлиги ва тинчликпарвар операцияларига кетадиган харажатлар. 

Март ойида АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси ўринбосари  Эрин Беркли Женевада БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида иштирок этиб, “Бу кенгаш ишончга эга бўлиши ва муваффақиятли ишлаши учун носамарадор ва мувозанатлашмаган позициялардан четлашиши кераклигини” айтганди. Politico нашри эса Трамп маъмурияти кенгаш носамарадор ишлаётгани ва Исроилга нисбатан нохолис муносабатда эканлиги сабабли ундан чиқиш имкониятини кўриб чиқаётганини маълум қилганди.

“Ҳозирда ҳар қачонгидан инсон ҳуқуқларига риоя қилиш учун курашиш муҳимдир”, деб айтган Хейли.

Хейли тинчликпарвар операцияларга тўхталиб, “улар самаралироқ ўтказилишига эришишимиз керак” деб айтган. “Охирги бир неча ой ичида биз ҳар бир амалга оширилаётган тинчликпарвар миссияни таҳлил қилиб, уларни ўзгартирдик. Натижада ярим миллиард тежашга муваффақ бўлдик”, деб айтган Хейли. 

БМТ котибиятида таъкидланишича, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш яқин кунларда ўтадиган форумни “жуда муҳим тадбир” деб ҳисобламоқда.