Тошкент шаҳрининг бир нечта туманларида номаълум шахс, ёлғиз яшовчи кекса ёшдаги фуқароларнинг хонадонига келиб, уларнинг турли миқдордаги нақд пуллар ва моддий қимматликларни ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ички ишлар Бош бошқармаси матбуот хизмати хабар тарқатди

Манбага кўра, номаълум шахс ёлғиз яшовчи кекса ёшдаги фуқароларга ўзини янги қўшниси ёки лифт устаси сифатида таништириб, уй телефони орқали қўнғироқ қилиб олиш, ҳожатхонага кириб чиқиш ҳамда шу каби бошқа баҳоналар билан хонадонга киришга эришиб, пиёз тўғраб беришни сўраб чалғитган ва ўзининг қабиҳ ниятларини амалга оширган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси (ўғирлик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш) аломатлари билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Юқорида қайд қилинган жиноятларни фош қилиш, жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида, Тошкент шаҳар ИИББ ва унинг тизимларида хизмат олиб борувчи барча шахсий таркиб эътибори мазкур жиноятларга қаратилган ҳолда, шаҳар миқёсида кенг қамровли тезкор қидирув чора-тадбирлари ўтказилди.

Жумладан, маҳалла ва мавзеларда аҳоли билан суриштирув ва огоҳлантириш ишлари амалга оширилди.

Мазкур жиноятлар ҳақида Тошкент шаҳар ИИББнинг “guvd.uz” веб-сайти орқали кенг оммага маълумот берилиб, юқоридаги жиноятларни содир қилган шахсни аниқлаш ва ушлаш мақсадида фуқаролар ҳамда жамоат ташкилотларига жиноятларнинг тавсифи акс эттирилган маълумотнома (буклет)лар тарқатилди.

Юқорида кўрсатилган тергов-тезкор тадбирлари натижасида, мазкур жиноятларни содир қилган шахс 1965 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган, ўғирлик ва бошқа турдаги жиноятлар содир қилганлиги учун судланган Тошев Ғафуржон Асатович эканлиги аниқланиб, далилий ашёлар билан қўлга олинди.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятга алоқадорлиги текширилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар!

Фото:  guvd.uz

Ғ.Тошев томонидан, кекса ёшдаги фуқароларга нисбатан шу турдаги жиноятлар содир қилинганлик эҳтимоли мавжудлиги сабабли, қўни-қўшни, қариндош ҳамда бошқа шахсларга Ғ.Тошевнинг фотосуратини кўрсатишингиз ва уларга нисбатан шу турдаги жиноятлар содир қилинганлиги аниқланган тақдирда “102” рақамига қўнғироқ қилишингиз ёки ички ишлар бўлимларига хабар беришингизни сўраймиз.

Кекса ёшдаги фуқароларга нисбатан келгусида шу каби жиноятларнинг содир этилишини олдини олиш мақсадида ёши кекса қариндош ва қўшниларингизни ушбу жиноятлар ва уларнинг содир этилиш усуллари ҳақида хабардор қилиб, шунга ўхшаш ҳолатлар бўлган тақдирда зудлик билан “102” рақамига қўнғироқ қилиш лозимлиги ҳақида эслатиб ўтинг.