АҚШ Кубадаги элчихонасининг бир қатор ходимлари акустик ҳужумга учрагандан кейин элчихонани ёпиш масаласини ўрганмоқда. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон маълум қилган.

Тиллерсоннинг CBS телеканалига интервьюси вақтида бошловчи бир қатор сенаторларнинг ушбу ҳужумлар сабабли Кубадаги элчихонани ёпиш чақириғига изоҳ беришни сўраган. 

“Биз бу масалани ўрганмоқдамиз. Бу жиддий масала, чунки бир қатор ходимларимиз таъсирга учраганлар”, деб айтган Тиллерсон.

АҚШ давлат департаментининг фикрича, АҚШнинг Гаванадаги элчихонаси ходимлари махсус қурилмалар воситасида “акустик ҳужум”га учраганлар. CBS News телеканалининг тиббий экспертиза маълумотларига иқтибос келтирган ҳолда маълум қилишича, Кубадаги америкалик ва канадалик дипломатларга “енгил бош мия жароҳати” ташхиси қўйилган.

Бундан ташқари, акустик ҳужумга учраган дипломатлар эшитиш қобилиятини қисман йўқотиш ҳамда нутқ ва хотира билан боғлиқ муаммолардан азият чекмоқдалар. Бу ҳақда The Guardian нашри ёзмоқда.

Нашр маълумотларига кўра, АҚШ элчихонасининг камида 21 ходими баъзи сўзларни унутишни бошлашган ҳамда эътиборни жамлаш билан жиддий муаммоларни ҳис қилмоқдалар. Маълум қилинишича, дипломатларга ҳужум ўтган йил ноябридан олиб борилган. Гавана эса бунга алоқаси йўқлигини таъкидлаб келмоқда.