Қозоғистон президенти матбуот хизмати Нурсултон Назарбоев Ўзбекистонга ташрифи вақтида қозоғистонлик боксчи Геннадий Головкин ва Мексика вакили Сауль «Канело» Альварес ўртасида 17 сентябрь тонгида бўлиб ўтган жангни томоша қилаётгани тасвирланган суратни эълон қилди.

«Давлат раҳбари Ўзбекистонга давлат ташрифи вақтида қозоғистонлик боксчи Геннадий Головкин Лас-Вегасдаги T-Mobile аренасида ўтказган жангни томоша қилди», - дейилган президентнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Суратда Назарбоевнинг ёнида Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Мамин ва Ўзбекистондаги элчи Ерик Утембаев ҳам борлигини кўриш мумкин.

Головкин ва Альварес ўртасидаги жанг T-Mobile аренасидаги кечанинг асосий жанги бўлди. 12 раунд давом этган жанг якунида ҳакамлар дуранг қайд этишди. Натижада Головкиннинг 37 ғалабадан иборат ғалабали серияси якунланиб, у илк марта дуранг натижага рози бўлди. Шу билан бирга у камарларини ўзида сақлаб қолди.