15 сентябрь куни Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ташкил этди. Шу куни элчи жанобларининг Ўзбекистондаги фаолияти якунига етгани маълум қилинди. 

Найтхарт Хёфер-Виссинг  Ўзбекистонга элчи сифатида 2014 йилнинг январь ойида ташриф буюрган бўлиб, тўрт йил ичида у дипломатик миссиясини аъло даражада амалга оширди.

ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов қайд этганидек, Найтхарт Хёфер-Виссинг тўрт йиллик самарали меҳнати давомида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига ўз ҳиссасини қўшишга муваффақ бўлди. 

"Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда олиб борилаётган сиёсат ва янги ислоҳотлар мамлакатнинг ҳар томонлама ривожланиши учун жуда муҳимдир.  Айниқса, Ўзбекистонда маъмурий суднинг ташкил топганлиги суд тизимининг босқичма-босқич эркинлаштирилишига, инсонлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга ёрдам беради. Бу эса ўз навбатида ҳукумат фаолияти янада ривожланишига ҳисса қўшади", дейди Найтхарт Хёфер-Виссинг.

Элчи матбуот анжуманида Ўзбекистондаги фаолияти ва таассуротлари ҳақида ўртоқлашди ҳамда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

"Менга халқингиз жуда илиқ муносабатда бўлди. Ўзбекистондан жуда яхши таассуротлар билан қайтмоқдаман. Ўйлайманки, мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий, сиёсий ва дипломатик муносабатлар янада ривожланади ва янги ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилади".