Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси томонидан Шаҳрисабз шаҳрининг Амир Темур хиёбонида Қашқадарё вилояти ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини қасамёдга келтириш, уларга хизмат уйлари ва имтиёзли равишда берилаётган шахсий автомашиналар калитини тантанали топшириш маросими ўтказилди.

Бошқарманинг KUN.UZ’га хабар беришича, маросимда ҳукумат аъзолари, давлат бошқарув органлари ва вилоят ҳокимлик раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакиллари, профилактика инспекторларининг ота-оналари, оила аъзолари иштирок этишди.

Дунёда инсоннинг ҳаётидан, унинг тинчлигидан ҳам азизроқ, муҳимроқ нарса бўлмаса керак. Бугун ички ишлар органлари ходимлари, айниқса, профилактика инспекторлари Ватанимиз келажаги ва истиқболи учун дахлдорлик ҳисси билан яшаши, юртига фидойиларча хизмат қилиб, ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Бу профилактика инспекторидан кучли сабр-тоқат, меҳр-оқибат, матонат, юксак маънавият талаб этади.

Шу талабдан келиб чиқиб, Президент фармони асосида жойлардаги профилактика инспекторлари сони оширилиб, улар учун қулай шароитларга эга бўлган ички ишлар органлари таянч пунктлари ташкил этилди.

Шунингдек, профилактика инспекторлари нуфузини ошириш ва хизматни самарали ўташларини таъминлаш мақсадида коммунал-маиший шароитларга эга бўлган, замон талабларига жавоб берадиган қулай хизмат уй-жойи билан таъминлаш мақсадида Президент қарори қабул қилинди.  Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида шахсий автоуловлар олишлари учун шароит яратилди.

Амир Темур бобомиз олдида, эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдек шарафли, шу билан бирга маъсулиятли хизматни ўташга қасамёд қилиш учун қад ростлаб турган навқирон, мард, жасур профилактика инспекторларимизни кўрган ҳар бир киши уларга ҳавас билан қараётгани аниқ. Бу эса профилактика инспекторларимизга ғурур ва ифтихор бағишлаши билан бирга, масъулиятларини ҳам оширади.

Мана шундай қувончли ва ҳаяжонли дамларда, ички ишлар органларининг ҳар бир профилактика инспектори халқимиз ва президентга содиқ бўлишга мардонавор равишда қасамёд қилди. Аминмизки, улар зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этиб, эл-юрт тинчлиги, осойишталигини ҳимоя қилишдек муқаддас бурчни шараф билан адо этадилар.