Грузиянинг собиқ президенти ва Одесса вилоятининг собиқ губернатори Михаил Саакашвили 17 октябрда Киевга келишини маълум қилди. У бу ҳақда Facebook’даги саҳифасида ёзиб ўтди.

Аввал сиёсатчи Киевга 19 сентябрда келмоқчи эди.

“Биз фаолларнинг ташаббусига қўшилиб, 17 октябрда Киевда учта талаб билан йиғилмоқчимиз: аксилкоррупцион судлар яратилиши, депутатлик дахлсизлигининг бекор қилиниши, янги сайлов қонунининг қабул қилиниши. Қолган талабларни эса бутун Украина бўйлаб 17-санагача йиғамиз”, деб ёзган Саакашвили.

Аввалроқ Саакашвили Киевни “зудлик билан қутқариш кераклигини” айтганди ва шу сабабли Украинанинг бир нечта шаҳрига ташриф буюргач, 19 сентябрда Олий Рада биноси ёнида намойиш уюштирмоқчи бўлган. 

Украина фуқаролигидан маҳрум бўлган Саакашвили 10 сентябрда тарафдорлари қуршовида Польша билан чегарадаги кордонни ёриб ўтиб, Украина ҳудудига ўтганди. Ушбу ҳолат юзасидан 4 та, жумладан чегарадан одамларни ноқонуний ўтказиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилганди.