Германияда ўтаётган IAA Cars 2017 халқаро автосалонида Samsung’нинг батареялар ишлаб чиқариш технологияларини яратиш билан шуғулланувчи Samsung SDI бўлими электр автомобилларнинг юриш захирасини оширишга имкон берувчи янги кўп функционал модул аккумулятор тизимини намойиш қилди. Samsung’да таъкидланишича, бундай батареялар машинада бундай модулдан қанча ўрнатилганига қараб, юриш захирасини (автомобилнинг бир қувватланишда босиб ўта оладиган йўли) 600-700 км гача оширишга имкон беради. 

“Истак бўлганда, модуллар сонини ўзгартириш мумкин”, деб айтилган компанияда.

Мисол учун, қимматбаҳо автомобилда 20 та модул ўрнатилган бўлса, транспорт воситаси 600-700 км йўл босиб ўта олади. Агар оддий седанга 10-12 та модул ўрнатилган бўлса, қувват 300 км га йўлга етади. 

Electrek порталининг маълум қилишича, Nissan ва GM каби компаниялар ўз автомобилларида кўпроқ призматик ячейкалар қўллашади. Samsung SDI эса жорий йилда янги цилиндрик ячейкалар ишлаб чиқаришни бошлаган. 

Samsung батареялари ҳақида бошқа қўшимча маълумот берилмаган. Бошқа ишлаб чиқарувчилар олдида юқорида ваъда қилинаётган юриш захираси анча ҳайратланарли кўринади. Мисол учун, Tesla Model S модели максимал юриш захираси 416 км ни,  Chevy Bolt’ники эса 383 км ни ташкил қилади. Бироқ, ростини айтганда, реал рақамлар текширув вақтида анча камтарроқ чиқади.