Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар энг аввало, халқимиз турмуш тарзини янада яхшилаш, аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этади, деб ёзади Сурхондарё вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов «Фейсбук»даги саҳифасида.

Вилоятда ҳам аҳолининг муносиб турмуш кечириши, мазмунли дам олиши, фарзандларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмасдан вояга етиши йўлида бир қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, «Амударё» дам олиш маскани ҳам Президентимизнинг ташаббуслари билан бошланиб, қисқа муддатда қурилиб фойдаланишга топширилди.

Масканнинг очилиш маросимида сўз олганлар, мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини таъминлаш, айниқса, ёш авлоднинг юртга содиқ, ватанпарвар инсонлар бўлиб камол топиши учун барча шароитлар яратилаётгани, «Амударё» дам олиш масканининг бунёд этилиши Термиз шаҳри, қолаверса, вилоят аҳли учун муносиб совға бўлганини алоҳида таъкидлашди.

Фото: Facebook/Turdimov
Фото: Facebook/Turdimov

Мазкур дам олиш масканининг бунёд этилишига 70 млрд. сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, бу ерда барча шароитларга эга бўлган замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳи, бахшичилик мактаби, маҳалла фуқаролар йиғини биноси, спорт-соғломлаштириш марказининг маъмурий биноси, ёшларнинг ижод қилиши ва китоб мутолааси учун заллар, ёпиқ ва очиқ сузиш ҳавзаси, қайиқлар турар жойи, мусиқали фаввора, профилактика инспекторининг хизмат уйи, музқаймоқ ва яхна ичимликлар нуқтаси, умумий овқатланиш шохобчалари, нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи, сунъий қопламали футбол майдончалари, қум (пляж) футбол майдони, кулги хонаси каби бир қатор объектлар халқимизга хизмат қилаётир.

Фото: Facebook/Turdimov
Фото: Facebook/Turdimov

Шунингдек, ушбу ҳудудда қурилиш ва ободончилик ишлари давом эттирилиб, кўп қаватли уйлар, бир қатор ижтимоий соҳа объектлари бунёд этилиши назарда тутилган. Шаҳримизнинг кўркига кўрк бағишлаб, аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилашга хизмат қиладиган бу гўзал ва сўлим маскан инсон омилини улуғлашдек эзгу мақсадни кўзлагани билан барчамизнинг қалбимизда ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотади.