КХДР билан мулоқот олиб бориш Пхеньяннинг доимий равишда ракета ва ядро синовлари ўтказиши эътиборга олинса, шунингдек, аввалги тажрибадан келиб чиқиб айтиш мумкинки, боши берк кўчага кириб қолиши мумкин. Япония бош вазири Синдзо Абэ The New York Times газетасида эълон қилинган мақоласида шу ҳақда сўз юритган.

“Ҳамма Шимолий Корея муаммосини тинч йўл билан ҳал этишга уринмоқда. Бунда халқаро ҳамжамиятнинг якдиллиги муҳим аҳамиятга эга. Шунга қарамай, дипломатияга устунлик бериш ва КХДР билан мулоқот олиб бориш муҳимлигини таъкидлаш иш бермайди. Тарихдан маълумки, бу вазиятда халқаро ҳамжамият томонидан босим ниҳоятда зарур”, - деб қайд этган бош вазир.

Абэнинг ёдга олишича, КХДР 1990 йилларда Халқаро атом энергияси агентлиги ва Ядро қуролини тарқатмаслик шартномасидан чиққан эди. Бундан ташқари, унинг фикрича, Хитой, АҚШ, Россия, Жанубий Корея ва Япония иштирокидаги КНДР билан ўтказилган музокаралар самара бермади. 

“Шу ва ракета ҳамда ядро синовлари давом этаётгани эътиборга олинса, Шимолий Корея билан мулоқотни давом эттириш боши берк кўчага кириб қолади. Чунки Пхеньян янги музокараларни бошқа давлатларнинг таслим бўлгани сифатида қабул қилади. Ҳозирда, Шимолга имкон қадар катта босим ўтказиш вақти келди. Буни эса ортга суриб бўлмайди", - деб қўшимча қилган Япония ҳукумати раҳбари.