Қийин вазиятда қолган инсонни тинчлантириш учун унга хавотир олмасликни маслаҳат беришнинг ўзигина етарли эмас. Акс ҳолда, у инсонда тезроқ қутулишни истаётгандек тасаввур уйғотишингиз мумкин. "Лайфхакер" инсонларни қўллаб-қувватлаш истагида бўлганлар учун қуйидаги уч иборани тавсия этади.

1. «Сенга қандай ёрдам керак?»

Реал ёрдам ҳар қандай тинчлантирувчи сўзлардан яхшироқдир. Инсоннинг қийин вазиятга тушганини кўрдингизми, унга ёрдам беришга ҳаракат қилинг.

Фото: Лайфхакер

Ҳа, шундай ҳолатлар ҳам бўладики, ҳеч нима қила олмай қоласиз. Бироқ у инсон сизнинг ҳақиқатан ҳам ёрдам қўлини чўзишга тайёр эканингизни кўради. Шу тариқа сиз келгусида ҳам сизга ишониш мумкинлигини намойиш этасиз.

Ҳатто бировга ёрдам бера олмасангиз ҳам, у кимдир қўллаб-қувватлаётганини кўриб, ўзини бироз яхши ҳис қила бошлайди.

 

2. «Ҳозир нималарни ҳис қилаётганингни тушуниб турибман»

Бирор нима сабаб қаттиқ қайғуда қолган дамларингизни ёдга олинг. Ҳойнаҳой, ўша пайт ўзингизни ёлғизланган ҳис қилган бўлсангиз керак.

Фото: Лайфхакер

Қандайдир ёқимсиз воқеа рўй берса, "фақат мен шундай вазиятга тушишим мумкин", деб ўйлашга мойилмиз. Аслида эса бундай эмас.

Агар ўзингиз ҳам шунга ўхшаш вазиятга тушган бўлсангиз, ўз тажрибангиз билан бўлишинг. У сизга ишониб, ўзини яхшироқ ҳис қила бошлайди. Мураккаб вазиятдан қандай чиқишга муваффақ бўлганингиз борасида маслаҳатларингизни аяманг, токи у сизнинг мисолингизда муаммонинг ечими бор эканини ҳис қилсин.

 

3. «Бу чиндан ҳам даҳшат»

Ҳаракатларингиз ва истакларингизга қарамай, сиз ҳаммага ҳам ёрдам бера олмайсиз. Шундай бўлса-да, у инсоннинг сизга кўнглидагини тўкиб солиши учун имкон берган бўласиз. Зарур пайтда шунчаки сизни тинглаб, дардингизни ҳис қила олувчи инсоннинг борлигини билиш енгиллик беради. 

Фото: Лайфхакер

На саъй-ҳаракат ва на маслаҳат билан ёрдам бера олмайсизми? Шунчаки инсоннинг муаммосини тан олиб, унга ҳамдард бўлишга ҳаракат қилинг.

Шу тариқа сизнинг олдингизда ҳис-туйғуларни очиқ намоён қилиш ва хавотирлар билан бўлиш мумкинлигига ишора қилинг.