АҚШ томондан таклиф қилинган БМТни ислоҳ қилиш декларациясини 128 та давлат имзолади. Бу ҳақда 18 сентябрда АҚШ президенти Дональд Трамп иштирокидаги БМТни ислоҳ қилиш бўйича олий даражадаги учрашувни очаётиб АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Ҳейли маълум қилди. 

“Эрталабки ҳолатга кўра, декларацияни 128 та давлат имзолаган ва биз ҳисобни давом эттирмоқдамиз”, деб айтган дипломат ва БМТ тарихида “янги кун келгани ва унинг фаолиятида ўзгаришлар бўлишини” қўшимча қилди. Унинг айтишича, АҚШ таклифининг бундай қўллаб-қувватланиши энг зарур ислоҳотлар ўтказилишига эришишга имкон беради.

ТАСС ахборот агентлиги маълумотларига кўра, декларацияни имзоламаган давлатлар орасида БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий вакиллари бўлган Россия, Хитой ва Франция бор. Ҳейлининг айтишича, ҳужжатни умумий ҳисобда 70 та давлат қўллаб-қувватламаган. 

АҚШ томондан тайёрланган декларация 10 банддан иборат бўлиб, БМТ бош котиби Антониу Гутерришни БМТни “самарали ва мақсадга мувофиқ ислоҳ қилишни бошлашга” чақиради. 

Декларация, шунингдек, БМТ котибиятидан ташкилотнинг ходимлари сони қисқартирилишини талаб қилади. Ҳейлининг айтишича, декларация Гутерришнинг “БМТнинг самарадорлиги, ҳисобот берувчанлиги ва очиқлигини ошириш” бўйича сайъ-ҳаракатларини  фаоллаштиришга қаратилган.