Британияликлар Ўзбекистонда пахта хомашёси ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш учун замонавий кластер қуради, шунингдек, маҳсулотларни қайта ишлаб, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг 15 сентябрь куни имзоланган «Сирдарё вилоятида замонавий пахтачилик-текстиль кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

Ушбу лойиҳа доирасида Век cluster қўшма корхонаси ташкил этилади, таъсисчилар Британиянинг TRONTEX LP ва GRATUM TRADING LP компаниялари бўлади.

Янги кластер қуриладиган Сирдарё вилояти ҳокимияти 18 минг гектар суғорма ер ажратади, шундан 13 минг гектари Мирзобод туманида, 5 минг гектари – Ховосда.

Президент қарорига кўра ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаш учун корхона 2022 йилнинг 1 январига қадар божхона тўловларидан озод қилинади. 

Бундан ташқари, Bek Cluster ҚК МЧЖ ҳамда унинг таркибига кирувчи корхоналарга ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни эркин тасарруф этиш, нарх-наво шакллантириш ва маҳсулот реализацияси ҳажмларини мустақил белгилаш рухсат этилди.

Ушбу фаолият билан барча харажатлар МЧЖнинг ўз маблағлари, шунингдек, тижорат банклари кредитлари ҳисобидан қопланади.

Бундан ташқари, Bek Cluster ўзига ажратилган ерларда фермер хўжаликлари билан меҳнат шартномалари асосида меҳнат учун адолатли ҳақ тўлаш принциплари бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширади.

Bek Cluster тайёр маҳсулотни юқори нархлар бўйича маркетинг тадқиқотлари аниқлаб берган бозорларга экспорт қилиб боради. Маркетинг тадқиқотлари ҳаммуассислар — Trontex LP ва Gratum Trading LP билан ҳамкорликда олиб борилади.