Вазирлар Маҳкамасининг 5.09.2017 йилдаги 696-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ҳужжат 2017 йилнинг 1 декабридан амалга киритилади. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
 
Тиббий ёрдам кўрсатилишига йўлланма олиш учун мижоз яшаш жойи бўйича қишлоқ врачлик пунктига, қишлоқ ёки шаҳар оилавий поликлиникасига мурожаат қилиши зарур.
 
Бунда йўлланма берилган   мижозларнинг имтиёзли тоифага уларга бепул тиббий ёрдам кўрсатиш учун ордер расмийлаштирилади. У тиббий-танлов комиссиясининг хулосаси асосида берилади.
 
Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам:

• туман (шаҳар) даражасида (пуллик ташкилотлар, бўлим ва палаталар бундан мустасно) — аҳолининг (мижозларнинг) барча тоифаларига;
• вилоят (Тошкент шаҳри) ва республика даражаларида (пуллик ташкилотлар, бўлим ва палаталар бундан мустасно) — мижозларнинг имтиёзли тоифаларига кўрсатилади.
 
Мижозга стационар шароитида тегишли тиббий ёрдам кўрсатилишига эҳтиёж бўлмаган ҳолларда — мижоз яшаш жойи бўйича умумий амалиёт врачига қайта йўналтирилади. Агар мижозга стационар шароитида тегишли тиббий ёрдам кўрсатилиши зарур бўлса — унинг ҳужжатлари кўриб чиқиш ва унинг асосида йўлланма олиш мақсадида хулоса бериш учун тиббиёт бирлашмасининг марказий кўп тармоқли поликлиникаси қошидаги тиббий-танлов комиссиясига топширилади.
 
Агар мижоз тиббий ёрдам олиш учун тегишли йўлланмасиз (ордерсиз) мурожаат этса, уни даволаш пуллик асосда амалга оширилади, шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш талаб этиладиган ҳоллар бундан мустасно.
 
Мижознинг ўз касалига доир маълумотларни билган ҳолда ўз ихтиёри билан розилик бериши тиббий аралашувнинг дастлабки зарур шартидир. Мижознинг аҳволи ўз хоҳиш-иродасини изҳор этишга имкон бермайдиган, тиббий аралашувни эса кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда мижознинг манфаатини кўзлаб тиббий аралашувни амалга ошириш масаласини:

• консилиум ҳал қилади,
• башарти консилиумга йиғилишнинг имкони бўлмаган тақдирда эса, кейинчалик тиббиёт ташкилотининг мансабдор шахсларини хабардор қилиш шарти билан бевосита даволовчи (навбатчи) шифокор ҳал этади.