Rolling Stone журнали асосчиси Жанн Веннер журнални чиқарувчи шу номдаги компания акцияларининг назорат тўпламини сотишга қарор қилди. Бу ҳақда The New York Times хабар бермоқда.

Веннернинг ўғли Гус журнални сотиш режасини ишлаб чиқди. Таъкидланишича, Веннерлар молиявий босим туфайли яқинда Rolling Stone кирувчи Wenner Media ҳолдингидан бошқа иккита журнални сотиб юборишди.

Журнал асосчиси ва унинг ўғлининг маълум қилишича, Rolling Stone раҳбариятида қолишни хоҳлашмоқда, бироқ, якуний қарор харидор томонидан қабул қилинади.

Газетанинг қўшимча қилишича, сотув жараёни эндигина бошланмоқда. Жанн Веннернинг умид билдиришича, у Rolling Stone миссиясини тушунадиган харидорни топа олади.