«Қирғизтелеком» ОАЖ шу йилнинг август ойидан Тожикистон республикаси билан чегара ҳудудида жойлашган Ўш вилояти Қорамих қишлоғида иккинчи халқаро телекоммуникация бўғинини қуришни бошлади. Бунга қўшни республикада халқаро интернет трафикка бўлган талабнинг ортиши ҳамда компания томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатининг яхшиланиши сабаб бўлди, деб ёзмоқда 24.kg агентлиги.

Аввалроқ, «Тожиктелеком» компанияси билан сотиб олинаётган интернет-трафик бўйича музокаралар ўтказилган. Янги бўғин «Қирғизтелеком» тармоғида авария ҳолатлари қайд этилганида захира уланиш имконини тақдим этади. Шу билан компания даромади ортади, Тожикистон операторларининг Интернетга уланишини тезлаштиради. 

У 2017 йил 4-чорагида қуриб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. 

«Қирғизтелеком» ОАЖ шу кунга қадар мамлакат шимолида бир нечта халқаро телекоммуникация бўғинларини барпо этган. Мамлакат жанубида Бишкек — Ўш — Боткен — Исфара тармоқлари орқали қўшни республикага хизмат кўрсатилади.