25 август 2 сентябрь кунлари Германиянинг Ҳамбург шаҳрида бокс бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. 195та давлат  иштирок этган мусобақада Ўзбекистон вакиллари 1та олтин, 3та кумуш 2та бронза олиб, умумжамоа ҳисобида  иккинчи ўринни қўлга киритди. 

Ўзбекистон терма жамоаси сафида рингга чиққан Андижон бокс мактаби тарбияланувчилари - Ҳасанбой Дўсматов, Жасурбек Латипов ҳамда Иқболжон Холдоров финалгача етиб бориб, кумуш медалларга эга бўлди .

Kun.uz сайти “Тараққиёт” телевиденияси билан ҳамкорликда уч совриндор боксчи билан суҳбат уюштирди.

Учрашув давомида боксчиларимиз Ҳамбург таассуротлари, терма жамоамизнинг мусобақадаги иштироки, ҳакамлар томонидан берилган нохолис баҳолар ҳақидаги фикрларини билдириб, яна кўплаб саволларга  жавоб беришди.

- Ҳамбургга мусобақадан йигирма кун олдин етиб бордик, - дейди Жасурбек Латипов. - Шароитлар кўнгилдагидек яратилганини алоҳида айтиб ўтишим керак. Биз билан терма жамоанинг иккинчи рақамли боксчилари спарринг учун олиб кетилди. Яратилган имкониятлар самараси ўлароқ, термамиз нуфузли чемпионатда иккинчи ўринни қўлга киритди. Германиянинг об-ҳавоси жуда яхши эканлиги, у ерда бокс билан шуғулланишга зўр шароит бўлишига қарамай, беш кунда Ўзбекистонни соғина бошладим. Мен мусобақага кетишдан олдин ташкил этилган учрашувда олтин медаль олиб қайтишга ваъда бергандим. Тажрибам етмай қолди. Лекин, ишонтириб айтаманки, насиб қилса, кейинги сафар, албатта биринчи ўринни қўлга киритаман.

Ҳасанбой Дўстматов ўзига берилган: “Турли тадбирларга жалб қилинаётганингиз спорт формасини ушлаб туришга халақит бермаяптими?” деган саволга қуйидагича жавоб қайтарди:

“Риода чемпион бўлганимдан сўнг менга бўлган эътибор жуда кучайиб кетган. Дарҳақиқат, жуда кўплаб турли тадбирлар, учрашувларда иштирок этамиз. Шу юртда улғайганмиз, аҳолига ва болаларга спортни тарғиб қилиш учун ташкил этилган тадбирларга боришимиз зарур эканлигини биламан. Қаерга борсангиз, эътибор, меҳмондорчилик. Халқимиз жуда меҳмоннавоз. Дастурхонига қарамасангиз, кибрга йўяди. Иложи йўқлигидан овқатланиш режимимиз бузилиб кетиб, вазн ортгани ҳам бор гап. Германияда совуқ иқлим бўлгани учун вазн ташлашим жуда қийин бўлди”.

Иқболжон Холдоровдан ижтимоий тармоқларда тарқалган: “Иқбол Осиё чемпиони ҳамда жаҳон чемпионати совриндори бўлганидан сўнг ўзини “юлдуз” санаяпти” қабилидаги фикрларга қандай муносабат билдириши сўралди. У ҳеч қачон кибрга берилмагани, ҳали эришадиган ютуқлари олдинда эканлигини айтиб, кимгадир билмай нотўғри муомала қилган бўлса, узр сўрашини айтди. “Мен оддий боксчиман ва шундайлигимча қоламан”,- дейди Иқболжон.

Суҳбат давомида Ҳасанбой Дўсматов финалдаги мағлубиятига алоҳида тўхталиб ўтди:

“Мен учун жаҳон чемпионатининг олтин медали жуда керак эди. Чунки мен олимпиада ва Осиё чемпиони бўлганман. Мухлисларимизга раҳмат. Ким билан суҳбатлашсам: “Ҳасанбой сиз ютган эдингиз, ҳакам ноҳақлик қилди” дейишяпти. Лекин, мен айбни ўзимдан излаяпман. Тўғриси, тан оламан мағлубиятимнинг асл сабаби ўзимда. Чунки, мен мусобақада аввалгидек спорт формасида бўлмадим. Вазн ташлашга озгина қийналдим. Менда орқага чекиниш бўлганини сездим. Агар олимпиададаги спорт формасида бўлганимда, рақибларимдан икки бош устун бўлардим. Мағлубият менга ўз хатоларим устида ишлашим керак эканлигини кўрсатди. Ютқазиш менга катта сабоқ, дарс бўлди. Ғалаба қозонганимда, балки хатоларим кўринмаган бўлармиди? Мураббийим билан мана шу хатолар устида ишлаб, кейинги мусобақларда ғалаба сари интиламиз”.

Совриндор боксчилар билан кўрсатувни тасвирга олишда яқиндан ёрдам берган “Тараққиёт” телевидениесига алоҳида ташаккур билдирамиз.

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон