АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Ҳейли CNN телеканали эфирида Шимолий Кореянинг йўқ қилиб юборилиши билан таҳдид қилди.

“Агар Шимолий Корея ўзини ақлсиз тутишни давом эттирса, АҚШ ўзини ва иттфоқдошларини ҳимоя қилишига тўғри келади ва Шимолий Корея йўқ қилинади. Буни барчамиз биламиз, буни ҳеч ким истамаяпти, ҳеч ким урушни хоҳламаяпти”, деб айтган Ҳейли.

Ҳейлининг айтишича, АҚШ ўзини масъулиятли тутмоқда ва Шимолий Корея ҳам ўзини шундай тутиши керак.

“Биз ўзимизда мавжуд бўлган барча дипломатик имкониятлардан фойдаланишга ҳаракат қилмоқдамиз. Айни вақтга келиб биз Хавфсизлик кенгашида барча имкониятларни кўриб бўлдик”, деб қўшимча қилган Ҳейли.

Ҳейлининг таъкидлашича, агар Шимолий Корея бу огоҳлантиришларга қулоқ тутмаса, унда жавоб чоралари билан АҚШ мудофаа вазири шуғулланади.