Осло округ суди 18 сентябрда коррупцияда ва Норвегия ҳудудидаги наркожиноятларга кўмак беришда айбланган собиқ полициячи Эрик Йенсенга нисбатан жиноий иш бўйича ҳукм чиқарди. Ҳукмга кўра, собиқ полициячи Норвегияда мумкин бўлган энг максимал жазога тортилди: у 21 йилга озодликдан маҳрум этилди. 

Йенсен иши Норвегия қироллиги полиция хизмати тарихидаги энг йирик коррупцион можаролардан бири бўлди. Йенсен коррупцияда гумон билан 4 йил аввал қўлга олинган. Айблов томонининг таъкидлашича, полициячи 10 йилдан кўпроқ вақт давомида наркобарон Йермунд Каппеленга мамлакатга гашишнинг йирик партияларини олиб киришда ёрдам берган ва бу “хизматлари” учун мўмайгина пул олган. 

Йенсенга қарши наркобароннинг ўзи кўрсатма берган. Наркобароннинг ўзи эса 15 йиллик қамоқ жазосига тортилган. Полициячининг ўзи барча айбловларни рад этган ва Каппелен ахборот манбаигина бўлганини таъкидлаган. Йенсен дастлабки ҳибсда 111 кун ўтказган.

Йенсен адвокатлари уни барча айбловлар бўйича оқлашни талаб қилишган. Судья ҳукмни эшиттираётиб, ушбу ишда айбни юмшатувчи ҳолатлар топилмаганини айтган.