Украинанинг Одесса шаҳрида жойлашган болалар дам олиш масканида рўй берган ёнғинда жабрланган қиз бинодан 8 болани қутқарди, деб ёзмоқда маҳаллий нашрлардан бири "Думская" газетаси шаҳар кенгаши депутати Александр Иваницкийга асосланган ҳолда.

"Ёнаётган бино ичидан 8-10 ёшдаги 8 болани қутқарди. Қизнинг ўзи оёғи ва юқори нафас олиш органлари куйишидан азият чекмоқда. Уни шифохонага олиб келишганида ҳушини йўқотган. Айни вақтда ўсмир қиз Слободкадаги болалар шифохонасининг жонлантириш бўлимида", — деган Иваницкий.

Фото: dumskaya.net

"Виктория" болалар дам олиш масканидаги ёнғин 16 сентябрь куни рўй берган. Ўша вақтда масканда 150 нафар бола, ёнаётган бинонинг ўзида 42 бола бўлган. 3 нафар бола ҳалок бўлди. Ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилганлиги бўйича жиноий иш қўзғатилган.