Қозоғистон пойтахти Остонада шаҳридаги қурилиш объектларидан бирида Ўзбекистоннинг икки фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Tengrinews.kz шаҳар ҳокимияти сайтига асосан хабар қилмоқда.

Остона шаҳри Ички ишлар департаменти тергов бошқармасида билан судга қадар тергов ишлари амалга оширилмоқда. 

"Аниқланишича, қурилиш майдончасидаги девор қурилиш материалларининг ҳаддан ташқари кўп жойлаштирилгани туфайли қулаган. Қурилиш объекти раҳбари, Қозоғистон Республикасининг 1970 йилда туғилган фуқароси ЖКнинг 128-моддаси бўйича қўлга олинди ва Ички ишлар департаментига олиб кетилди. Тегишли экспертиза ишлари амалга оширилади. Тергов давом этмоқда", - дея хабар беришган Остона ИИД матбуот хизматидан.

Маълумотларга кўра, ҳодиса “Сариарка” туманидаги Алаш, 25 манзилида жойлашган қурилаётган объектда рўй берган. Оралиқ плита ва девор қулаб тушган. "Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида Ўзбекистоннинг икки фуқароси ҳалок бўлди, яна бир нафари шифохонага олиб кетилди", - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ҳозирги пайтда Остона ИИД бошлиғи ўринбосари Санжар Одиловнинг топшириғига кўра, тезкор-тергов гуруҳи ташкил этилди. У тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.