Фото: Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази

Озарбойжон ва Халқаро нефть компаниялари консорциуми Каспий денгизи секторидаги уч нефть кони - "Озари", "Чироқ" ва "Гюнешли"ни биргаликда ривожлантириш тўғрисидаги битимни 2050 йилгача узайтирди. 

Лойиҳа оператори - Британиянинг BP корпорацияси. Маҳсулотни тақсимлашга доир янги келишувда Озарбойжон Республикаси Давлат нефть компанияси (SOCAR) ўз улушини 11 фоиздан 25 фоизга оширди. 

Яқин 32 йилда сармоялар ҳажми 40 миллиард доллардан ошиши керак. Бунда Озарбойжон Давлат нефть фонди 3,6 миллиард доллар миқдоридаги бонусга эга бўлади. 

Битим муддатининг узайтирилиши мамлакатда жуда ижобий қабул қилинди. Озарбойжон президенти Илҳом Алиев BP компаниясининг бош директори - Роберт Дадлини Дўстлик ордени билан мукофотлади. 

Янги битим 1994 йилда имзоланган шартнома каби, Озарбойжон парламентида ратификациядан ўтиши керак бўлади. Биринчи битим "Аср шартномаси" деб номланган бўлиб, унинг амал қилиш муддати 2024 йилгача эди. 

Келишувда саккиз мамлакатдан 13 компания иштирок этган. Келишув таркибига кирган Россиянинг ягона компанияси - Лукойл - 2000 йилда ўз хоҳишига биноан ундан чиққан. 

Фото: Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази

Таъкидлаш жоизки, 1994 йилги шартнома Озарбойжон иқтисодиёти учун катта аҳамиятга эга бўлиб, Ҳайдар Алиев бошқарувининг энг асосий ютуқларидан бири бўлди, зеро битим имзолангандан кейин мамлакатга 33 миллиард доллар миқдоридаги инвестиция кириб келди. Бунга қўшимча равишда яна 125 миллиард доллар лойиҳа реализациясидан тушган даромад шаклида олинди. 

Янги битимни имзолаш маросимида Илҳом Алиев ҳозир Каспий тубида ҳали қазиб олинмаган яна 500 миллион тонна нефть борлигини маълум қилди. 

Имзолаш маросимида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, унинг турмуш ўртоғи Меҳрибон Алиева, давлат расмийлари, шунингдек депутатлар, элчилар ҳамда хорижий компаниялар вакиллари иштирок этишди. 

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэйнинг табрик хати Британиянинг Европа ва Америка масалалари бўйича вазири Алан Дункан томонидан ўқиб эшиттирилди. Хатда янги битим Буюк Британиянинг Озарбойжон билан энергетик соҳадаги ҳамкорлигининг навбатдаги босқичи ҳисобланиши таъкидланади.