Санкт-Петербург шаҳрининг Смольнинск тумани суди Қирғизистоннинг 22 ёшли фуқароси Умар Маматалиевни беш йиллик қамоқ жазосига маҳкум этди. У ўзбекистонлик танишини яқинлашиб келаётган метро поездининг тагига итариб юборган. Бу ҳақда РИА «Новости» суд матбуот котиби Дарья Лебедевага асосан хабар бермоқда.

Тергов маълумотларига кўра, 2017 йилнинг 10 январь куни «Площадь Александра Невского-2» метро бекатининг платформасида маст ҳолда бўлган айбланувчи жанжал вақтида ўз танишини рельсларга итариб юборган, бу вақтда поезд яқинлашиб келаётган бўлган. Натижада жабрланувчи воқеа жойида ҳаётдан кўз юмди.

«Суд Маматалиевга 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади, у жазо муддатини қаттиқ режимдаги ахлоқ тузатиш колониясида ўтайди», - дея маълум қилди Лебедева.

Бундан ташқари, суд Ўзбекистон фуқаросининг онаси даъвосини қондириб, маънавий зарар етказганлик учун 500 минг рубль миқдорида маблағ ундириш, кўрсатилган тиббий хизматлар қийматини қоплаб бериш ҳақида қарор чиқарди.