14.09.2017 йилдаги ЎРҚ-446-сон Қонун билан интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва фойдаланиш соҳасида айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Тузатишлар эълон қилингандан сўнг ярим йилдан кейин кучга киради. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
 
Фойдали модель нима дегани? 
 
“Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги Қонунга фойдали модель таърифи киритилди. Бу ҳар қандай соҳада:

•  маҳсулотга (хусусан, қурилма, модда, микроорганизм штамми, ўсимликлар ёки ҳайвонлар ҳужайраларининг турларига);
•  усулга (моддий воситалар ёрдамида моддий объект устида хатти-ҳаракатларни амалга ошириш жараёнига) тааллуқли бўлган техник ечим.
 
Ҳуқуқ эгаси қандай белгиланади?
 
Илгари иш берувчи ва муаллиф ўртасида тузилган шартномада ходим томонидан ўз хизмат вазифаларини ёки аниқ топшириқни бажариш муносабати билан яратилган саноат мулки объектининг патентига бўлган иш берувчининг ҳуқуқи назарда тутилмаган бўлса, у ҳолда муаллиф талабнома топшириш ва патентни ўз номига олишга ҳақли эканлиги белгиланган эди.
 
Тузатишлар билан муаллиф худди шундай тарзда йўл тутишга ҳақли бўлган яна бир ҳолат киритилди. Агар шартномада иш берувчининг патентга бўлган ҳуқуқи кўзда тутилган бўлса, бироқ у яратилган саноат мулки объекти тўғрисида муаллиф томонидан ёзма равишда хабардор қилинган кундан эътиборан 4 ой ичида патент бериш ҳақидаги талабномани топширмаса, талабномани топшириш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечмаса ва тегишли объектни сир сақлаш тўғрисида муаллифга маълум қилмаса.
 
Иккала вазиятда иш берувчи патент эгасига шартномада белгиланадиган миқдорда товон тўлаб, ўз ишлаб чиқаришида тегишли саноат мулки объектидан фойдаланишда устувор ҳуқуққа эга бўлади
 
Муаллифга нима тўланиши лозим?
 
Патент эгаси бўлмаган, ўз хизмат вазифаларини ёки иш берувчидан олган аниқ топшириқни бажариш муносабати билан яратилган саноат мулки объектининг муаллифи тегишли саноат мулки объектидан фойдаланилганлиги ёхуд унга оид лицензия сотилганлиги учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга.
 
Саноат мулки объектидан фойдаланилганлик ёки унга оид лицензияни сотганлик учун тушаётган маблағлар ҳисобидан тўланадиган ҳақнинг миқдори, уни тўлаш шартлари ва тартиби муаллиф ҳамда иш берувчи ўртасидаги шартномада белгиланади.
 
Қандай патент ҳақиқий эмас?
 
Мавжуд асосларга қўшимча равишда, агар патентда патент эгаси сифатида кўрсатилган шахснинг патент олиш учун қонуний асосга эга бўлмаган бўлса,  саноат мулки объектига патент ҳақиқий эмас деб эътироф этилиши мумкин.
 
Расмий экспертиза ва патент бериш: қандай муддатларда?
 
“Селекция ютуқлари тўғрисида”ги Қонунда талабноманинг расмий экспертизасини ўтказиш ва патентнинг ўзини бериш муддатларига тузатиш киритилди.
 
Белгиланишича, талабнома берувчининг илтимосномасига биноан расмий экспертиза ўрнатилган 2 ой муддат тугашидан олдин бошланиши мумкин. Бунда агар талабноманинг расмий экспертизаси жараёнида талабнома қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни бузган ҳолда расмийлаштирилганлиги аниқланса, талабнома берувчига тегишли билдиришнома юборилган санадан эътиборан 3 ой муддат ичида етишмаётган ёки тузатилган ҳужжатларни тақдим этиш зарурлиги тўғрисида билдиришнома юборилади.
 
Патент бериш муддати селекция ютуғи рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинган санадан эътиборан 6 ойдан 10 иш куни ўтгачгача қисқартирилди.  Патент берилишига эътирозлар қабул қилинмайди.
 
Селекция ютуғи учун патент қандай тикланади
 
Патентнинг амал қилишини сақлаб турганлик учун патент божлари белгиланган муддатда тўланмаганлиги сабабли амал қилиши тугатилган селекция ютуғи патентининг амал қилиши патент эгасининг илтимосномасига кўра тикланиши мумкин. У патентнинг амал қилиши тугатилган санадан эътиборан 3 йил ичида, бироқ патентнинг Қонунда назарда тутилган амал қилиш муддати тугагунига қадар Интеллектуал мулк агентлигига (ИМА) топширилади.
 
Илтимосномага патентнинг амал қилишини тиклаш учун белгиланган миқдордаги патент божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.

Селекция ютуғи патентининг амал қилиш муддати тугатилган сана билан патентнинг амал қилиши тикланганлиги тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинган сана оралиғидаги даврда селекция ютуғидан фойдаланишни бошлаган ёки бунинг учун зарур тайёргарлик кўрган шахс ундан келгусида бепул фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
 
Муддатлар қандай ҳисобланади?
 
“Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонунда аниқлаштирилишича,  ифодаланган белгини экспертизадан ўтказиш ИМА томонидан талабнома берилган санадан эътиборан 7 ой ичида, бироқ камида 6 ойдан кейин ўтказилади.
 
Қуйидаги муддатлар иш кунида ҳисобланади:

•  товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва (ёки) товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун (3 иш куни);
•  товар белгисига доир гувоҳнома ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома бериш (10 иш куни);
•  ҳаммага маълум товар белгисига гувоҳнома бериш (10 иш куни).