Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 сентябрдаги «Валюта бозорини либераллаштириш шароитларида иқтисодиётнинг базавий соҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг биринчи навбатдаги чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3253 сонли қарори эълон қилинди. Norma.uz эксперти Олег Замановнинг ушбу қарорга шарҳи эълон қилинди.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси тикланиш ва тараққиёт Фонди кредитлари бўйича «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзкимёсаноат» АЖнинг 1.09.2017 йилдан 31.12.2018 йилгача бўлган даврда сўндирилиши лозим бўлган мажбуриятлари реструктуризация қилинди. 1 сентябрь ҳолатига асосий қарзни сўндириш, фоиз тўловларини тўлаш ва муддати ўтган қарздорлик 4 йилга кечиктирилади.

Иккинчидан, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзагрокимёҳимоя» АЖ, «Ўзкимёсаноат» АЖ таркибига кирувчи корхоналарнинг 1.07.2017 ҳолатига ундирилиши умидсиз дебитор ва кредитор қарздорликлари ҳисобдан чиқарилади. Шунингдек, 2016 йилда тугатилган фермер хўжаликларининг хизмат кўрсатувчи соҳалар олдидаги қарздорликлари қолдиғи ҳам ҳисобдан чиқарилади.

Учинчидан, 2016–2018 йиллар якунлари бўйича «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзбеккўмир» АЖ, «Ўзкимёсаноат» АЖ ва уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар томонидан давлат улуши бўйича дивидентлар Ўзбекистон инвестицион дастурига киритилган инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришга мақсадли йўналтиришга капитализация, шунингдек, инвестиция мақсадларига жалб қилинган кредит ва қарзларни сўндиришга ишлатилади.

Тўртинчидан, 10.09.2017 йилдан бошлаб, бутун мамлакат бўйлаб аҳоли учун суюлтирилган газ сотишнинг ягона нархи ўрнатилади. 1.10.1994 йилдан буён аҳолига суюлтирилган газ шартнома (эркин) нархларда сотилиб келинаётган эди.

Бешинчидан, қайта ишловчи корхоналарга етказиб берилувчи, қазиб олувчи корхоналарнинг рентабеллик даражасига етишини таъминловчи углеводород хомашёсининг тарифлари миқдори 5 фоиздан кам бўлмаган миқдорда ўрнатилади.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 октябридан эътиборан:

нефть маҳсулотларига ҳисобланган акциз солиқлари суммаси 1.01.2020 йилгача «Ўзнефтмаҳсулот» АЖ нефтни қайта ишлаш заводлари тасарруфида қолади ва углеводород хомашёси импортини молиялаштириш ва шу мақсадда жалб қилинган кредитларга хизмат кўрсатиш, шунингдек, миллий валюта айрибошлаш курсининг ўзгариши муносабати билан  манфий курс фарқини қоплаш учун маблағлар мақсадли равишда йўналтирилади;

«Ўзбекэнерго» АЖнинг иссиқлик электр станциялари ва марказий қозонхоналари учун ер усти ва ер ости сув ресурсларидан олинган сув ҳажмини солиққа тортиш мақсадида, қайта қуйиб юбориладиган сув ҳажмига кўра камайтирилади;

Ўзбекистон Республикаси тикланиш ва тараққиёт Фонди кредитларини тақдим этиш ва кредит линияларини очиш, шунингдек, унинг кредитларини реструктуризация қилиш фақатгина Президент қарорига кўра амалга оширилади.

Шунингдек, ҳужжатга кўра, иқтисодиётнинг асосий соҳалари ташкилотларини молиявий соғломлаштириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича Давлат комиссияси ташкил этилган. У акциядорлик компаниялари ва жамиятларнинг ташкилий тузилмалари ва ходимлари сонини оптималлаштириш, 1.07.2018 йилгача мустақил молиявий аудит, акциядорлик жамиятлари ва уларнинг таркибига кирувчи давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган корхоналарнинг бошқарув тизими, техник ва технология ҳолатини баҳолашни якунлаш иши билан шуғулланади.